ШОИР ИЖОДИГА ЭҲТИРОМ

Ўтган асрнинг охирги чорагида адабиётга дадил одимлар билан кириб келган шоир Муҳаммад Юсуф ўзининг бадиий гўзал, бетакрор шеърлари, достонлари билан ярқ этиб кўзга ташланди. Самимий ва мағзи тўқ, ижтимоий юки салмоқли мисралари билан халқ дилидан чуқур жой эгаллади.
Айниқса, мустақиллик даврида унинг ижоди янада гуллаб-яшнади. Мозийдаги буюк аждодларимизга юксак эҳтиром, озодлик нашидаси, келажакка ишонч, эл бахт-саодатини куйлаш шоир ижодининг асосий мавзусига айланди. Она Ватанга чексиз муҳаббатни, эл-юрт, миллат дард-у қувончларини бор овоз билан куйлаган шоирнинг кўплаб шеърлари кўнгилларга ҳаяжон соладиган қўшиқларга айланиб кетди. У ўзининг қисқа, аммо мазмундор ижодий фаолияти билан халқ эътирофини қозонди ва бунинг табиий самараси ўлароқ, 1998 йилда 44 ёшида Ўзбекистон халқ шоири деган шарафли унвонга сазовор бўлди. Шоир таваллуд кунига атаб тумандаги 3-сонли умумтаълим мактабининг 2 «Д» синф ўқувчиларига бир соатлик намунали очиқ дарс ўтилди. Жажжи болажонлар Муҳаммад Юсуф ижодига мансуб шеърларни айтишди. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ўзининг қисқа, аммо мазмундор умри ва ижодий фаолияти давомида бой адабий мерос қолдирди. Ватан озодлиги, халқ бахти, юртнинг нурафшон келажагини ёниб куйлаган истеъдодли шоирнинг асарлари миллат эътирофига сазовор бўлди ва қалблардан чуқур жой олди.
Саида Бўронова,
тумандаги 3-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси