Гилам тўқиш қадимий миллий ҳунар

Гилам – бу бутун борлиқ ранглари акс этган, ҳаёт нафаси уфуриб, ҳар дақиқа садоси эшитилиб турган санъат асари. Ҳар бир гиламнинг ўз тарихи бор. Қўлда неча ойлаб тўқилган гиламда, устанинг ҳис-ҳаяжони, меҳнати, қувонч ва машаққати мужассамлашган бўлади.
Шарқ гиламлари Буюк ипак йўлининг гуллаб-яшнаган даврида ўзининг гўзаллиги, чидамлилиги, ранглар жилоси билан дунё бўйлаб довруғ қозонган.
Гилам тўқиш санъати қадим тарихга эга. Азал-азалдан қўли гул момоларимиз бу ҳунармандлик тури билан шуғулланиб келган.
Тумандаги 2-сонли умумтаълим мактабининг технология фани ўқитувчиси Қудратова Зулфия гулли тасвирлар ҳамда қадимий нақшлар акси туширилган гиламларни тўқиш билан бир қаторда мактабда таҳсил олаётган ўқувчи қизларга ҳам ўргатиб келмоқда. Устоз тўқиган гиламлар чуқур маънога эгалиги билан ажралиб туради.
Улар дарс жараёнида меҳнат (технология) таълими доирасида азалий ҳунармандликнинг бир қанча турларини мунтазам ўрганиб келмоқда. Ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида ташкил этиладиган машғулотлар уларда катта қизиқиш уйғотаяпти.
Айни вақтда ўқувчилар эгаллаган билимларини “Апрель – эстетика фани ойлиги”да намойиш қилмоқда. Ушбу ойлик доирасида мактабда педагоглар учун маҳорат сабоқлари, бошланғич синф ўқувчилари учун расмлар танлови, мусиқа фанидан очиқ дарслар, кўргазмалар, деворий газеталар танлови каби тадбирлар ўтказилди. Мактабдаги етти юздан зиёд ўқувчи ушбу тадбирларда фаол иштирок этди.
Райҳон Янгибой қизи