Замондош аёл, она ва устоз

Ушбу ибораларнинг ҳақиқий ва том маънодаги эгаси ҳисобланган, бугунги замон қаҳрамони Поянова Майрам 1974 йил 1 майда қўшни Тожикистон Республикасида таваллуд топди. Тақдир изми билан 1993 йилда Ўзбекистон Республикасига кўчиб келган ва қўлида аёлларга мос касби бўлганлиги сабабли Қумқўрғон туман касб-хунар мактабида 1995 йилдан ишга қабул қилинган.
Ўз билимини ёшларнинг таълим-тарбиясини шакллантиришда тинмай меҳнат қилиб келмоқда. 2003 йил Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат институтига сиртдан ўқишга кириб, ўқиш давомида ўзининг ҳунари билан узтозлари эътиборига тушди. Кўрик-танлов ғолиби бўлди. 2008 йилда институтни тамомлаб, устозлик даврида иш фаолиятини янада ўзига ишонч ҳосил қилиб давом эттирди. М. Поянова катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш шиорини мақсад билиб, фаолият кўрсатмоқда. Саноқсиз шогирдлар тайёрлаб ҳозирги кун талаби билан ишлаб, замон билан ҳамнафас яшаяпти. Шогирдлари онгига янгиликларга интилувчанликни сингдириб келмоқда. Қаҳрамонимиз Майрамхон шогирдларига ўз фарзандидек муносабатда бўлиб, қанчадан-қанча семинарлар ўтказди. Бунинг натижасида шогирди Раъно Назарова 2017 йил “Энг яхши касб эгаси” кўрик-танлови Республика босқичида фахрли 3-ўринни эгаллади. Бундан кўриниб турибдики устознинг меҳнат самараси ўз ҳосилини бера бошлади. Бу ўқувчиларга оналарча меҳр ва муҳаббат билан касбларини ўргатганлигидан далолатдир. Бундан ташқари, устознинг ўз соҳаси мутахассислиги бўйича тикувчилик технологияси, конструкциялаш, жиҳозлар билан ишлаш устида бир қанча услубий қўлланмалар яратилиб ҳозирда фойдаланишга топширилган. Қолаверса, ҳозирги давр талаби бўлган профессионал таълим тизимида ўқувчиларга “WorldSkills” компетенцияларини шакллантириш бўйича иқтидорли ўқувчиларни аниқлаб, “Мастер класс” дарсларини ўтиб, кейинги босқичга саралаб олмоқда. М. Поянова ўзининг камтарона меҳнати, ўрнак олса арзийдиган турмуш тарзи келажак авлодни тарбиялашдек масъулиятли ҳамда самарали меҳнати учун Муҳтарам Президентимиз томонидан 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
-Юртбошимиз менга билдирган ишончни тўғри қабул қилиб Янги Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши учун меҳнатимни аямасдан шогирдлар тайёрлайман,-деди педагог. Юртимизда шундай фидойи устозлар кўпайишини, ёшларни касб-ҳунарли қилиб вояга етказишдаги масъулиятли ишида муваффақиятларга эришишини тилаймиз.

Абдулҳаким
НОРМЎМИНОВ,
туман 1-сон касб-ҳунар мактаби Ахборот кутубхона маркази раҳбари