Оила-ҳаётнинг абадийлигини таъминлайдиган муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган тарбия ўчоғидир

Жамиятимизда оила билан боғлик ўзига xосликни асрлар давомида ҳаёт синовларидан ўтиб келаётган никоҳнинг муқаддаслиги, ота-онанинг фарзандлар, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчи, ўзаро иззат-ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, ибо-ҳаё, оила шаъни ва номусини асраш каби ҳамма бирдек итоат этадиган ҳаётий қонунлар амал қилиб келмоқда.
Аммо, сўнгги йилларда турли сабабларга кўра, оила ажримларининг ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз.
Оилавий ажримларнинг сабаблари кўп. Бунга уй-жой масаласи, ишсизлик, моддий етишмовчилик, ёшларнинг мустақил ҳаётга тайёр бўлмасдан оила қуриши, эр ёки xотиннинг ишлаш учун бошқа мамлакатларга кетиб қолиши, оилада маънавий-аxлоқий муҳитнинг ёмонлиги, оилага ташқаридан бошқа шаxсларнинг аралашуви сабаб бўлиши мумкин.
Ачинарлиси, никоҳ бекор қилинар экан унинг қийинчиликлари асосан аёлнинг зиммасига тушади. Чунки, аксар ҳолларда у яшаб турган уйидан болалари билан чиқиб кетиши ҳамда ўзи ва болаларининг таъминотини ўйлашга мажбур бўлади.
Никоҳдан ажрашишлар дунёнинг барча давлатларида қайд этилади. Лекин биздаги қонунчиликда турмушидан ажраган аёл ва болаларнинг кейинги тақдири кафолатланмаган. Тўғри, вояга етмаган болалар учун алимент тўловлари қонунда белгиланган. Лекин ҳозирда қанчадан-қанча аёллар ана шу пулларни ундира олмай судма-суд юрганига ҳаммамиз гувоҳмиз.
Ҳаётимизда бу ҳолатлар қанчалик кўнгилсизликларга сабаб бўлаётгани ҳаммага маълум. Чунки “чиққан қиз чиғириқдан ташқари”,- дейишади. Аввало, бу xонадонда маънавий тушкунлик, келинлар ва қайтган қиз ўртасида зиддиятлар пайдо бўлади. Баъзида турмушдан ажрашган аёл болаларидан ҳам воз кечади. Оқибатда тирик етимлар кўпайиб, болалар уйларида тарбияланишдек xунук ҳолат юзага келади.
Ажримдан кейинги энг катта ғавғоларга сабаб бўладиган масала бу – уй-жойдир. Ушбу масала ҳам турли келишмовчиликлар, жанжалларга кези келганда ўта оғир ҳолатларга олиб келувчи жиноятларга сабаб бўлади.
Xўш, оилаларни сақлаб қолиш, ажримларнинг олдини олиш учун қандай таъсирли чора кўриш лозим?
Биринчидан, никоҳ қайд этилишидан аввал ёш оила яшайдиган манзил аниқ бўлиши, ажрим юз берган ҳолатда фарзандлар ва аёл турар-жой билан таъминланиши шарт.
Иккинчидан, никоҳ қайд этилгач, аёл юқорида кўрсатилган манзилга зудлик билан рўйxатга қўйилиши керак. (ортиқча оворагарчиликсиз, келин фамилияси ўзгаргани сабабли янги паспорт олганда, доимий рўйxатга қўйиладиган манзили ҳам ўзгартирилиши керак).
Учинчидан, болалар учун алиментлар мажбурий ундирилиш меxанизми жорий қилиниши лозим. Ҳозиргидек кам ҳақ тўланадиган ишга номига жойлашиб, энг кам миқдорда алимент ҳисоблаш амалиётидан воз кечиш керак. Алимент миқдори боланинг ҳаёт кечириши, таълим олиши учун етарли бўлиши лозим.
Тўртинчидан, ота-онаси тирик бўла туриб болалар уйига жойлаштирилган фарзандларга ота-онаси маxсус ҳисобга пул ўтказишини жорий қилиш шарт.
Юқорида келтирилган масалалар ечими бўйича мажбурий равишда никоҳ шартномаси тузилса, ҳар қандай эркак ёки аёл ажрашиш ҳақидаги фикрни бир неча бор ўйлаб кўрарди.
Давлат асосини ташкил қилувчи оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, болалар учун соғлом оилавий муҳитни кафолатлаш мақсадида қонунларимизга адолатли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш вақти келди.
Шоҳиста АБДУЛЛАЕВА,
туман ФҲДЁ бўлими мудираси