Ёнғиндан огоҳ бўлинг! Қурувчилар ва азиз фуқаролар!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги «Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2992-сонли Қарорининг 6-бандида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни «Ёнғинлар профилактикаси куни» ўтказилаётганлиги муносабати билан жойларда янги қурилаётган, реконструкция ва модернизация қилинаётган ҳамда қайта таъмирланаётган объектлар учун ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни ҳаракатдаги норматов ҳужжатларнинг талаблари асосида лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари лойиҳага киритилган ёнғинга қарши чора-тадбирларни бажарилишини ҳамда қурилиш майдонларида ёнғин хавфсизлигини тарғиб қилиб самарадорлигини ошириш мақсадида «Ёнғиндан огоҳ бўл қурувчи» тадбири ўтказилиб, қуйидаги ишлар амалга оширилди.
1. «Ёнғинлар профилактикаси куни» давомида лойиҳалаш, қурилиш ташкилотлари, давлат экспертиза, давлат архитектура қурилиш ва назорат инспекциялари билан ҳамкорликни янада яхшилаш, янги барпо этилаётган объектларни қурилиш-монтаж ишлари жараёнида барча ёнғинга қарши тадбирларни бажарилишига тўлиқ эришиш мақсадида «Ёнғиндан огоҳ бўл қурувчи» тадбирлари давомида амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
2. Қурилиш объектлари учун ишлаб чиқилаётган лойиҳа ҳужжатларига республикада ҳаракатда бўлган норматив ҳужжатларда белгиланган ёнғинга қарши талабларни тўлиқ киритилишига ҳамда давлат экспертизасидан сифатли ўтказилишига эришиш ва бу борадаги ишларга эътибор кучайтирилиб ҳамда мутахассислар масъулиятини ошириш мақсадида фаолият кўрсатаётган лойиҳалаш ҳамда шаҳарсозлик соҳасидаги ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли ташкилотлар мутахассислари иштирокида семинар кенгашлар ташкил этилди.
3. Мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг билим савиясини ошириш, уларни хизмат фаолиятида қулайлик яратиш мақсадида республикамизда янги ва қайта ишлаб чиқилган норматив ҳужжатлар (ҚМҚ, ШНҚ, O’zDST, ГОСТ ва бошқалар)ни етарли миқдорда харид қилиш борасида керакли чоралар кўрилди.
4. Содир бўлаётган ёнғинларнинг аксарияти фуқаролар уйларида қайд қилинаётганлиги, бир-бирига тақаб қурилган уйларда ёнғинни қўшни хонадонларга ҳам тарқаб кетиш ҳолатлари тез-тез учраётганлигини инобатга олган ҳолда, асосий эътибор маҳаллаларга қаратилиб, маҳаллаларда якка тартибдаги уй-жойларни қурилиши жараёнида ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини бажарилишига эришиш йўлида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Жойларда фуқаролар томонидан кўчаларга сунъий тўсиқлар қўйилган бўлиб, фуқаролар хонадонларида ёнғин содир бўлганда, ёнғинни ўчириб олиш учун ёнғин ўчириш автомашиналари борган вақтларда сунъий тўсиқлардан ўта олмай фуқароларнинг мол-мулклари ёниб кетиш ҳолатлари кузатилиб турибди. Шунинг учун кўчаларга сунъий тўсиқлар қўйилмасин, қурилаётган бинолар кўчаларни кенглигини қисқартирмасин, қурилаётган уйларда иситиш печларини ёнғин хавфсизлиги талабларига мос ҳолатда ўрнатиш лозим.
Куз-қиш мавсуми давомида фуқаролар хонадонларида ва ташкилотлар ёнғин хавфсизлиги қонун-қоидаларига риоя қилиш, ис газидан заҳарланишларнинг олдини олиш, кунлар совиб кетмасдан иситиш тизимларини, печ мўриларини кўрикдан ўтказиб қўйиш лозим бўлади.
Мабода ёнғин содир бўлса дарҳол «101» ёки «76-46-52-201» га телефон орқали ёнғин ўчириш қисмига қўнғироқ қилинг, бунда манзилингизни, нима ёнаётганлигини ва исми шарифингизни тўлиқ ва аниқ айтинг. Дастлаб мавжуд бўлган ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиб ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилинг.

А. Тоштемиров,
туман ФВБ бошлиғи ўринбосари, катта лейтенант