Ўткир юқимли ичак касалликлари ва уларнинг олдини олиш чоралари

Ўткир юқумли ичак касалликларига, ўткир диарея, сальмонеллёз, ичбуруғ, бошқа бир қатор ўткир юқумли касалликлар киради. Ушбу касалликларни аксарият ҳолларда одамларда бактерия ва вируслар қўзғатиб, бемор ҳамда бактерия ташувчи соғлом одамлар, касаллик қўзғатувчиларининг асосий манбалари ҳисобланади. Улар касаллик қўзғатувчиларини асосан ўзларининг нажаси орқали ташқи муҳитига чиқаради ва атроф муҳитини ушбу касаллик қўзғатувчилари билан ифлослантиради, манбаларни зарарсизлантириб йўқотилмаса аҳоли орасида кенг тарқалишига сабаб бўлади.
Ўткир юқумли ичак касалликларнинг юқиш йўллари бир бирига ўхшаш бўлсада, уларнинг ҳар бирининг етакчи юқиш омили бор. Масалан, қорин тифи ва вабо касалликларида етакчи юқиш омили сув ҳисобланса, сальмонеллёз, ичбуруғ, диарея касалликларида эса озиқ-овқат маҳсулотлари етакчи юқиш омил ҳисобланади.
Бу гуруҳ юқумли касалликлар маиший-мулоқот йўли билан ҳам юқади.
Кеч баҳорда бошланиб, ёз ойларида ўткир юқумли ичак касалликлари омиллари фаоллашади. Аҳоли айниқса 14 ёшгача болалар кўпроқ қайнатилмаган сув, ҳар хил сифатсиз чанқоқбосди ичимликлар ичади, мева-сабзавотлар, кўкатларни тоза ювмасдан истеъмол қилади ҳамда касаллик қўзғатувчилари билан ифлосланган очиқ сув ҳавзаларида чўмилади ва шу жараёнларида улар ўзларига ўткир юқумли ичак касалликларини юқтириб олиши мумкин.
Ўткир юқумли ичак касалликлари мавсумий касалликлар ҳисобланиб, асосан йилнинг ёз ва куз фаслларида кўпроқ учрайди, чунки бу фаслларда касалликнинг юқиш омиллари фаоллашади.
Касаллик қўзғатувчиларининг одам организмига тушиб, токи касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлгунига қадар маълум бир вақт ўтади. Бу даврда касаллик белгиларисиз кечади ва бунга касалликнинг яширин даври дейилади. Ўткир юқумли ичак касалликларида бу давр бир неча соатдан 21 кунгача давом этади. Касалликнинг яширин даври касалликнинг турига қараб, қисқариши ёки чўзилиши мумкин. Бу даврда касаллик қўзғатувчиларининг айрим хусусиятлари ва одамларнинг юқумли касалликларга қарши курашиш қобилиятига ҳам боғлиқ бўлади.
Касалликнинг юқиш йўллари ва келиб чиқарувчи омиллари:
-Қайнатилмаган сув, сифати кафолатланмаган ариқ, кўл, дарё, канал сувларини истемол қилиш;
-Уй шароитида узоқ муддат туриб қолган ва яхши сақланмаган овқатларни истеъмол қилиш;
-Ҳўл мевалар ва қовун-тарвузларнинг яроқлилиги, сифат сертификати бўлмаган ҳолда кўчада сотиб олиб ювмасдан истемол қилиш;
-1 ёшдан 3 ёшгача болалари бўлган аёллар бола парваришида бола ва ўзининг шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик;
-Ушбу касаллик билан оғриган бемор билан мулоқотда бўлганда шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, қўлни совунлаб ювмаслик;
-Очиқ сув ҳавзаларида (ариқлар, фавворалар, каналлар, дарё ва ҳ.к) чўмилганда сув билан микробларнинг организмга тушиши;
-Хонадонларда, жамоат жойларда, тўй маросимларда сутли, кремли сифатсиз кондитер маҳсулотлари, гўштли салатлар тайёрланиш технологиясига риоя қилмаслик ва сифати кафолатланмаган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш;
-Ёш болаларга бериладиган қўшимча овқатларни тайёрлаш жараёнида санитария-гигиена қоидаларига ҳамда сақлаш шароитларига риоя қилмаслик;
-Хонадонларда касаллик қўзғатувчиларини ташувчи пашшаларнинг кўпайишига шароит яратиш, чиқиндиларни ўз вақтида зарарсизлантириб йўқотиш, уй ошхоналарида овқат идишларини ўз вақтида зарарсизлантирувчи ювиш моддаларини қўллаб иссиқ сувда ювиш, чайиш ишларини амалга оширмаслик;
Касалликнинг аломатлари:
-Беморда умумий ҳолсизлик, қорин соҳасида оғриқ бўлиши, иштаҳасизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, тананинг сувсизланиши, талвасаланиш аломатлари қайд этилади.
Кўриладиган чоралар:
-Касалликнинг илк белгилари кузатилганда дарҳол яшаш жойидаги оилавий поликлиника, оилавий шифокор пункти ва поликлиника участка патронаж ҳамшираси ва умумий амалиёт шифокорига зудликда мурожаат қилиш зарур, уй шароитида ўзбошимчалик билан даволаниш беморни салбий оқибатларга олиб келиши ва атрофдагиларга юқтириши мумкин.
Профилактика тадбирлар:
-Ўткир юқумли касалликлари “ифлос қўл касалликлари” деб бежиз айтилмаган.
-Овқатланишдан олдин, ҳожатхонадан сўнг қўлларни совунлаб ювиш, тирноқларни ўз вақтда олиш, оилада ўз сочиғидан, тўй-маракаларда шахсий қўл рўмолчалардан фойдаланиш муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари, кўчаларда, деҳқон бозорларида, жамоат жойларида сифати кафолатланмаган уй шароитида тайёрланган овқатлар, салқин ичимликлар, ҳар хил шарбатлар, сут ва сут маҳсулотлари ҳамда бошқа ичимликларни истеъмол қилмаслик.
-Ўткир юқумли ичак касалликлари асосан 3 ёшгача бўлган болалар ўртасида кўплаб учрашини инобатга олиб, болалар парвариши билан шуғулланувчи ота-оналар ва энагалар мунтазам равишда шахсий гигиена қоидаларига риоя этиши, участка педиатр врачларидан, патронаж ҳамширалардан болаларни парвариши бўйича маслаҳатлар олиши, шунингдек, болаларни тўғри овқатлантириш қоидаларига ҳамда шахсий гигиенасини таъминланиши ва шунга кўниктириши зарур.
-Боласини кўкрак сути билан боқувчи оналар эмизишдан олдин ўзи қўл гигиенасига қатьий риоя қилиш, болаларни ҳам қўлини совунлаб ювиб кейин эмизиши, совутгичда узоқ муддат сақланган таомлардан истеъмол қилмаслик, кўча-куйда тўғри келган озиқ-овқат маҳсулотлари билан овқатлантирмаслик, айниқса ёш болалар учун ичимлик сув ва хом сутни қайнатиб истеъмол қилиш.
-Болаларни назоратсиз кўчага чиқишларига, тўғри келган жойларда чўмилишларга йўл қўймаслик, иссиқ кунлари офтобда кўп юришининг олдини олиш.
-Ҳар бир ота-она болани чақолоқлик давриданоқ шахсий гигиена кўникмаларига ўргатиб боришини бурчи деб билмоқ керак.
-Демак одамларда соғлом турмуш тарзини болаликдан шакллантириб бориш қатор касалликларни, шу жумладан ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олиш гаровидир.
Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш минг бор афзал эканлигини унутманг!
Э. ХУРРАМОВ,
туман СЭО ва ЖС бўлими Эпидемиология бўлими мудири