Бекорчилик қалб кушандаси

Дангасалик бекорчилик иллатини келтириб чиқаради ёки аксинча: бекорчилик дангасаликка олиб боради. Чунки қиладиган ишининг тайини йўқ одам вақт бўшлиғини кўпинча бефойда нарсалар билан тўлдиради.
Бекорчилик энг зарарли офатлардан биридир. Ақлли инсон бу дунёда бекор турмайди. Ҳатто бўш вақтини ҳам зое қилмайди. Балки ё дунё ёки охират учун фойдали бўлган ишларга сарфлайди. Бекорчилик аста-секин инсонни ишдан чиқаради, ҳаётини вайрон қилади. Тана аъзолари ҳаракатсиз қолса, ишдан чиқади, заифлашиб қолади. Спорт мана шунинг учун чиқарилган. Худди шу каби қалбнинг ҳам ўз риёзати ( спорти ) бўлиши керак. Зеро, бекорчилик биринчи галда қалбга, нафсга ҳужум қилади.
Шу боис ҳам ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу): “Нафсингни фойдали нарсалар билан машғул қил, акс ҳолда уни зарарли нарсалар эгаллаб олади “ , деб бекорчиликдан огоҳлантирганлар.
Инсон бекорчиликка берилса, нафси уни зарарли одатлар, васваса ва шахватлар сари етаклайди. Шунинг учун вақтимизни доимо фойдали нарсалар билан тўлдиришимиз керак. Гоҳо жуда ишсиз қолганда, ҳатто дам олиш, яхшилар билан суҳбат, мубоҳ бўлган ўйинлар, сайру саёҳат қилиш билан нафсни машғул қилиш лозим.
Халқ орасида “яхши дам меҳнатга ҳамдам” деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.
Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу): “Мен одамнинг на дунё иши, на охирот иши билан машғул бўлмасдан, ғирт бекорчи бўлиб юришини ёмон кўраман”, деганлар. Юқорида айганимиздек, тана аъзолари ишламаса, меҳнат қилмаса, ғаризалари ҳаракатсиз қолса, ишдан чиқади. Аллоҳ таоло ҳайвонга тез ҳаракат қилиш қуввати, абжирлик, ўткир тирноқ ва тиш бергач, унинг ризқини ҳам шу воситалар билан амалга ошириладиган саъй-ҳаракатга боғлиқ қилиб қўйди.
Бундай ҳаракатлар унга аъто этилган қувватларнинг ишдан чиқмаслигини таъминлайди. Шундай экан, инсон ҳам баданий ва фикрий қувватларини ишлатиб туриши керак. Агар инсон дангаса бўлса, жасади ялқовланиб, ҳаракатсиз бўлиб қолади ва турли хасталикларга дучор бўлади. Руҳияти ва онгини тафаккур қилишдан узоқлаштирса, ақли ўтмаслашиб, фикри саёзлашиб қолади.
Язид ибн Муҳаллаб айтади:”Барча дунёвий ишларим ўзича йўлга тушиб кетиши мени хурсанд қилмайди. Агар шундай бўлганида, ожизлик ва бекорчиликка одатланиб қолган бўлардим ”.
Баъзан инсон нафси турли нарсаларни хаёл ва орзу қилади: қанийди қўлимда мана бунча пул пайдо бўлиб қолса эди, данғиллама уй қурардим, мана бунақа машиналарда юрардим, фалон жойларга бориб саёҳат қилардим, деган хом хаёллар суради. Ҳолбуки, агар ҳамма инсонга бу дунёда тилаган нарсаси бирор меҳнатсиз, ҳатто ақлий ҳаракатсиз, ҳеч қандай тадбирсиз беҳисоб равишда бўлаверса, унда дунёнинг низомига путур етган, инсонлар маънавий жиҳатдан бузилиб, меҳнатсеварлик, касбу кор қилиш, илм ўрганиб, олим бўлиш каби инсоний фазилатларга ўрин қолмаган бўларди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу дунёда ҳамма нарсани муайян ўлчоқ билан нозил қилади. Шу боис ҳам одатда инсонга ҳеч қандай меҳнатсиз катта дунёвий неъмат берилмайди. Тўғри, гоҳида баъзи инсонларга кам меҳнати билан кўп нарсалар ато қилиниши мумкин. Аммо бу умумий қоида эмас, балки Аллоҳнинг марҳамати ёки синовидир. Боз устига кам меҳнат туфайли кўп меҳнатларига эришилгандек бўлиб кўринган ҳолат ортида аслида қандайдир ақлий меҳнат, тадбир дуо ва ҳакоза ҳикматлар ётган бўлиши мумкин. Ташқаридан осон пул топаётгандек кўринаётган одам аслида тадбири кучли, мол топиш йўлларини яхши биладиган инсон бўлиши мумкин. Қисқаси Аллоҳ таоло махлуқотлар ризқини уларга ато этилган қувватларни ишга солиб, сабабларни бажаришга боғлиқ қилиб қўйган экан, тўрт мучаси соғ, ақлли инсоннинг ялқовлик чангалига тушиб, ишламай ўтириши, аҳли оиласини хор қилиши ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайди. Бунинг ўрнига у меҳнат қилиши, ақл қувватини ишлатиб, бирор касб ҳунарни эгаллаши, тадбиркорлиги ва ишбилармонлиги билан қонун доирасида мол-мулк қозонишга ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқдир.

Ў. Бернаев,
“Маматмурод бобо” жоме масжидининг имом хатиби