ҚАРОР ВА ИЖРО

Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдагиЎзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисидаги фармони Янги Ўзбекистонда очиқлик ва ошкораликни таъминлашда янгича ёндашувларни жорий этишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди.

Маълумки, жамият ҳаётида жамоатчилик назоратининг мавжудлиги демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти тараққиётининг муҳим шарти бўлиб, у ҳаётдаги энг долзарб, фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларни самарали ҳал этишга яқиндан кўмаклашади.

Масалага шу нуқтаи-назардан ёндfшадиган бўлсак, кейинги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва юртимизни модернизация қилишда жамоатчилик назоратининг ролини кучайтириш, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш ва умуман фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётидаги ролини ошириш борасида изчил, тизимли ишлар амалга оширилаётгани эътиборга сазовордир.

Жамоатчилик назорати тизимини янада кучайтириш давлат сиёсати даражасида ривожлантирилаётгани давлатимиз раҳбарининг шу йил 24 январдаги Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномасида ҳам ўз ифодасини топди. Ҳаётимизни тубдан ўзгартиришнинг энг ёрқин йўллари белгилаб берилган Мурожаатномада “Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаб бериш” муҳимлиги таъкидлаб, жамоатчилик палатаси ташкил этиш юзасидан ўз таклифини билдирган эди.

Мурожаатномада илгари сурилган “Жамият–ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя асосида қабул қилинган мазкур фармон давлат бошқарув органлари устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириб, жамият ҳаётини демократлаштиришга қаратилган жамоатчилик фаолиятини ташкил этишни янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, мамлакатимизда жамоатчилик палатаси институтига ҳуқуқий мақом берилиши билан энг аввало жамоатчилик назорати ҳуқуқий меъёрлар асосида ўзаро тартибни ва жамиятда барқарорликни таъминлашга кенг имконият яратилди. Чунки жамоатчилик палатасининг фаолияти умумманфаат йўлида амалга оширилиши сабабли қуйидаги жиҳатларни устувор, деб билади. Биринчидан, жамоатчилик палатаси фуқароларнинг қизиқишлари, интилишлари, эҳтиёж ва манфаатларини ҳимоя қилади. Иккинчидан, давлат назорати фаолиятидан фарқли равишда фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакат тараққиётини таъминлашга қаратилган ҳар қандай саьйи-ҳаракатларини бирлаштиради. Учинчидан, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришни, давлат ва жамият тараққиётида фуқароларнинг дахлдорлик ҳиссини уйғотишни рағбатлантиради.

Фармонга мувофиқ, жамоатчилик палатаси қуйидаги йўналишларда ўз фаолиятини ташкил этмоқда. Жумладан, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини таъминлаш орқали уларнинг жамият ва давлатни ривожлантиришга қаратилган фаолиятини бирлаштиради. Аҳолининг ижтимоий фикрини тизимли ўрганиб, жойларда жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилади. Уларнинг ечими билан боғлиқ масалаларда тегишли тартибда таклифлар киритиб боради. Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир илмий тадқиқот ишларини йўлга қўйиб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича тегишли тартибда тизимли ишларни амалга оширади. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарув органлари билан ҳамкорлик даражаси, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқади.

БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини йўлга қўйишга кўмаклашиш, давлат идоралари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини кучайтириш, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ўз ифодасини топган “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби таъсирчан жамоатчилик назорат шаклларини ижтимоий ҳаётга йўналтириш каби қатор йўналишларда мутлақо янги самарали ишлаш тизими амалиётга жорий этилаётир.

Жамоатчилик палатасининг давлат ҳокимияти бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатишнинг субъекти сифатида шаклланиши унинг нафақат вазифасини балки, ваколат доирасини кенгайтириб юбормоқда.

Биринчидан, жамоатчилик палатаси ижтимоий муносабатлар тизимида алоҳида ўрин тутувчи, давлат ва жамият бошқарувида кишилар бирлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлашга қаратилган бошқарувнинг ўзига хос тузилмаси сифатида, айни бир пайтда жамиятдаги фуқароларнинг турли манфаатлари ва қизиқишларини мувофиқлаштириш асосида давлат ҳокимияти бошқарув органларига йўналтирадиган ва унинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатадиган (жамоатчилик назоратини мувофиқлаштирадиган) демократик институт мақомида фаолият юритиши зарур. Иккинчидан, давлат ва жамият бошқарувининг янги босқичида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган турли нодавлат-нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий-ахборот воситлари, сиёсий партиялар ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ўзаро ижтимоий ҳамкорликни тўлақонли йўлга қўйиши керак. Учинчидан, мамлакатимизда янгидан шаклланаётган давлат бошқарув органлари мансабдор шахслари томонидан халқ (маҳаллий кенгашлар, Олий Мажлис палаталари) олдида бериб бориладиган ҳисоботлари доирасида жамоатчилик палатаси (вакиллари) фаол иштирок этиши, давлат ҳокимияти бошқарув органлари билан самарали ҳамкорлик тизимини йўлга қўйиши лозим бўлади.

Президентимизнинг халқчил ғоя ва ташаббуслари билан ташкил этилган жамоатчилик палатаси жамият ижтимоий ҳаётида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ҳокимияти бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда энг муҳими фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Рустам Норлиев,

Термиз давлат университети Фуқаролик жамияти кафедраси мудири, 

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази Сурхондарё ҳудудий бўлинмаси раҳбари