Маҳалла ободлиги-аҳоли шодлиги

Муҳтарам Президентимиз “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларида белгиланган вазифаларнинг бажарилишига қаратилган йиғилишда амалга оширилаётган ишларнинг кўламини янада кенгайтириш ва бу ишларда аҳолининг муносиб иштирок этишга эътиборни қаратди. Кўча қурсак, аҳоли шу кўча четига кўчатлар экиб ободонлаштирсин, ариқ ўтказилса вақт ўтиб аҳоли шу ариқларни тозаласин деб таъкидлади. Бу ибратли гаплари билан аҳолини ўзлари яшаётган маҳаллалари ва қишлоқларини обод қилишга чорлади.
Ўрол Менглибоев раислигидаги “Хуррият” маҳалла фуқаролар йиғини ривожланиши қийин кечаётганлар рўйхатига тушиб қолди. Ҳозир ишларни ўнглаш мақсадида ободонлаштириш амалга оширилмоқда. Маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари тозалаш, қурилиш ишларида иштирок этаётганлиги учун қишлоқни обод ва кўркам қилиш ишлари бошланди. Маҳаллага кираверишдаги кўчага улкан дарвоза ўрнатилиб, фуқаролар йиғини номи ёзилди. Кўча четига манзарали кўчатлар экилди. Маҳалла идораси ва ҚВП биноси қайта таъмирланаяпти. Томига шиферлар ёпилди. Деворлари қумсувоқ қилинди. Дераза ромлари ўрнатилди. Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ёрдами билан 27-сонли умумтаълим мактаби ҳовлиси четидаги деворларнинг фасад қисми, ошхона, спорт майдони, аҳолининг хонадонларидаги деворларнинг ташқи томони оқланаяпти. Кам таъминланганлар, касал бўлиб уйида ётиб қолганлар, кексаларнинг уйи ҳовлисидаги барча деворлар таъмирланаяпти.
“Хуррият” маҳалласида оилавий тадбиркорлик билан банд бўлиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётганлар сара маҳсулотларини сотиб, оиласининг иқтисодини ривожлантираяпти. Шу маҳаллада яшовчи Ботирхон Тойиров 10 сотих томорқасида иссиқхона қуриб, бодринг, картошка, помидор етиштирмоқда. Иссиқҳонадаги помидор ва бодринг гуллаб, ҳосилга кирди. Картошкани парваришлашда соҳибкорлик тажрибасини амалда қўллаяпти. Ишкомида узум, молхонасида қорамолларни парваришлаб оиласига қут-барака бағишлаяпти. Йилида шахсий томорқасидан 50 000 000 сўм даромад топаяпти.
67 ёшли Абдумажид Тойиров асалариларини боқиб, шифобахш асал етиштиришда катта тажриба тўплади. 55 йилдан буён асалариларни парваришлаб, маҳсулот етиштирмоқда. Оиласида 100 қути асалариси бор. Ёш асалари оилаларини ҳам кўпайтирмоқда. Май ойида тоғли Дуоба, Мачай, Паданг, Омонхона манзилларига асалари қутиларини қўйиб, бол йиғади. Июнь-июль ойларида пахта гули ширасини тўплаб, ўсимликларни чанглатади. Йилига 2 тонна асал олаяпти. Аҳолига сотмоқда. Бундан ташқари, узум етиштириб бир йилда 3 тонна узум олаяпти. Шу узумдан 1 тонна майиз тайёрлаяпти. Шу касблари туфайли йилига 60-70 миллион сўм даромад қилмоқда. Унинг 2 қизи ҳам ота касби асалари парваришлашни ўрганди, мустақил равишда бу иш билан банд бўлаяпти. Шу қишлоқда яшовчи Абдусамат Сатторов чорва молларини боқишда ўрнак бўлмоқда. Уйида 25 та қорамоли бор. Шундан 20 та ҳўкизни бўрдоқига семиртираяпти. Соғин сигирлардан сут олаяпти. Бузоқлари туёқ сонини ошираяпти. Лимон етиштирувчи, тикиш-бичиш билан машғул бўлаётган оилалар ҳам фаолият юритмоқда. Боқимандалик, камбағалликка барҳам беришда томорқасида меҳнат қилиб оиласини иқтисодий таъминлаётганлардан, тикувчилик билан банд бўлганлардан ўрнак олиш ижобий натижа беради.

¤з мухбирмиз