«Баҳодир» спектакли Қумқўрғонда

Жиззах вилоятининг мусиқали драма театри ижодий жамоаси ёш қаламкаш Сардор Ҳамраев қаламига мансуб «Баҳодир” номли драма спектакли билан Қумқўрғон туманига ижодий сафар уюштиришди.
Қумқўрғонлик томошабинлар ижодкорларни жуда илиқ кутиб олишди. Туман ҳокимлиги ҳамда туман Давлат хавфсизлик хизмати ташаббуси билан тўртта секторда ҳам спектакль намойиш этилди.
Спектакль ҳозирги кунда халқаро ҳамжамиятни ташвишга солаётган диний экстремизм ва терроризмга қарши курашга чорловчи драма десак, адашмаган бўламиз.
Асар бош қахрамони Баҳодир ҳарбий хизматдан сўнг имтиёзли равишда грант асосида олийгоҳга ўқишга қабул қилинади. Дўсти Асрорнинг қистови билан ётоқхонадан Рустам исмли ёши катта бир нотаниш кимсанинг уйига кўчиб ўтишади. Шу ерда унинг ҳаётини мутлоқ ўзгартириб юборган воқеа содир бўлади. Дўсти Асрорни Рустам ака таъсирида диний экстремистик оқимга қўшилиб қолганини сезгач, уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлади. Аммо, унинг барча уринишлари амалга ошмайди. Ҳар бир инсонга танлаши учун доим имконият мавжуд бўлади. Баҳодир ҳам икки ўт орасида қолади. Олган тарбияси, кескин қарор қабул қила олиши туфайли тўғри йўлни танлай олади. Отасининг сўзлари, Ватан олдидаги садоқати ғолиб бўлади.
Баҳодир Асрор билан чет элдаги террорчи жангарилар тўдасига бориб қўшилади.
Воқеалар ривожи давомида Асрорнинг отаси Мардон ота ўғлини террорчи бўлиш мақсадидан қайтара олмагач, уни «оқ” қилади. Жавлон ота эса онасиз вояга етказган ёлғиз фарзанди Баҳодирни чет элга ўқишини давом эттириш учун эмас, балки террорчи гуруҳга қўшилиш мақсадида кетганлигини маҳалла раисидан ҳамда участка нозиридан эшитиб, чуқур изтиробда қолади. Баҳодир ва Асрор уч йил мобайнида жангарилар ҳарбий лагеридаги тайёргарликдан ўтишади.Синовдан муваффақиятли ўтган Баҳодир дўсти Асрор билан Ўзбекистонга қайтади. Асрор ва унинг шериклари мачитни портлатиш харакатлари чоғида миллий хавсизлик хизмат ходимлари томонидан қўлга олинади. Террорчиларнинг чет элдаги ҳарбий лагери портлатиб юборилади. Бу жиноий террористик тўданинг қўлга олинишида Баҳодирнинг ҳиссаси катта бўлади. Баҳодир имкониятини танлаш чоғида Ватанини ҳимоя қилишни танлайди. Давлат хавфсизлик хизмати ходимларига дўсти террористик гуруҳга қўшилиб қолганлигини, уни бу йўлдан қайтара олмаётганлигини айтади. Давлат хавфсизлиги хизмати ходимларининг таклифи ва маслаҳати билан ушбу гуруҳга қўшилади.Террористик гуруҳдагиларнинг ишончини қозонади. Жангариларни қўлга олиш жараёнида барча томошабинлар Баҳодирнинг жасоратини кўзларида ёш билан ўринларидан туриб олқишлар билан ифодалашди.
Театрнинг истеъдодли ёш режиссёри Шоҳруҳ Йўлдошев ушбу саҳна асарида бугун дунёни ларзага солаётган диний экстремизм ва терроризм мавзусига Ватан тинчлигини асраш, уни ҳимоя қилиш шу юрт ҳар бир фарзандининг муқаддас бурчи эканлиги ғояси нуқтаи назаридан ўзига хос тарзда ёндошади.
Спектакль ижодкорлари туман ҳокимининг ташаккурномаси билан тақдирланди.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА