Туман ҳокимининг сайёр қабули бўлди

Туманимиздаги узоқ масофадаги маҳаллаларга бориб, аҳолининг мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этишда муайян ишлар бажарилмоқда. “Боботоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида туман ҳокими Р. Гаппаров ва 2-сектор раҳбари, туман прокурори Ш. Акрамов фуқаролар билан ана шундай сайёр қабул ўтказди. Бу маҳаллада яшаётган хотин-қизларнинг мурожаатлар қилишлари учун етарлича шароитлар яратилди. Улар туман ҳокими билан юзма-юз, яқин масофадан гаплашиш имконига эга бўлди. Ўзларини қизиқтираётган, фаровон яшаши учун керакли, иш ўринларини яратиб меҳнат билан банд бўлиш, тиббий хизмат кўрсатиш, фарзандига нафақа олиш, электр таъминоти, моддий ёрдам, кредит олиш масалаларида гапириб кўмак сўради. Жумладан, С. Худоймуродова 2 ёшли фарзандига нафақа тайинлаш, Н. Йўлдошева неварасини лагопедга ўқитиш учун моддий ёрдам, З. Раҳматова суюлтирилган газ баллон, такрорий экиш учун ер олиш, С. Шайманова кредит олиш, Ю. Назарова қизи Ш. Назаровага паспорт олиш, З. Назарова маҳаллада аҳоли даволаниши учун тиббий ходимлар ишлайдиган бир хона ажратиш, С. Худойбердиева болалар пули ва суюлтирилган газ баллон, Н. Маҳамова ёш тадбиркор сифатида озиқ-овқат дўкони очиб ишлатишга кредит ажратиш, Н. Каримова томорқасида уй қуриш учун цемент бериш, И. Шайманова турмуш ўртоғи касаллиги учун даволатиш ва уйини таъмирлаш, М. Жўраева қизини моддий қийналганлиги сабабли меҳрибонлик уйига топширгани ва уни даволатиш зарурлиги, П. Мардаев эса трансформатор ўрнатиш, фермер хўжалигидан томорқасидаги экинларни суғоришда оқова сув олиш масаласида мурожаат қилди. Ж. Чориева, Г. Ражабова, Н. Сотторова кўчасига қум тўкиш, столба ўрнатиш, қувур олиш, бир аёл ўзига 1 сотих ер ажратишса бу ерда пишириқлар пиширишни амалга ошириши ҳақида гапирди. Раҳбарлар томонидан ҳар бир фуқаронинг мурожаати диққат билан тингланиб, тегишли талаблар асосида жавоблари маълум қилинди. Бир қанча мурожаатларининг мазмунидан келиб чиқилиб, ҳал этилди. Фуқароларнинг мурожаатлари асосида ижобий ишлар амалга оширилди. 7-8 километр узунликда кўчаларга қум тўкилди. Аҳолининг электр энергияси билан таъминланишини яхшилаш учун 50 та столба 2,5 километр масофага ўрнатилди. 3 та трансформатор қўйилиб, монтаж қилинди. Айрим мурожаатлар бўйича тушунчалар айтилди. Бир неча масалани ҳал этиш бўйича ташкилотларга кўрсатмалар берилди.
Н. МУҲАММАДИЕВ