“Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўштимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (183-сон, 05.04.2021 й.) қабул қилинди Қарорга кўра, 2021 йил 10 апрелдан:
Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги “Ишга марҳамат” мономаркази МЧЖ Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази давлат муассасаси этиб қайта ташкил этилади;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Ишга марҳамат” мономарказлари давлат муассасаси шаклида ташкил этилади. Қарорга мувофиқ:
– жамоат ишларида иштирок этаётган ва бандликни рағбатлантирувчи субсидиялар ажратилаётган фуқароларнинг биометрик авторизация ҳамда GPS-треккинг тизимлари жорий этилади;
– меҳнат органларига мурожаат этаётган, айниқса, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар, чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларини меҳнат бозорига мослаштириш мақсадида аутсорсинг шартларида психологик мутахассислар жалб этилади.
Ҳудудда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда вақтинча яшаш жойига эга бўлган фуқаролар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олиниши мумкин
2021 йил 1 майга қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолиятини видеокузатув камералари ва abkm.mehnat.uz тизими орқали доимий назорат қилиш имконини берувчи Ситуацион тезкор марказ ташкил этилади.
Қарор билан шунингдек, “Энг яхши касбга тайёрлаш дастури” бўйича нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида очиқ танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Юридик кадрларни тайёрлаш тизими такомиллаштирилади
“Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (189-сон, 06.04.2021 й.) қабул қилинди.
Қарор билан Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказига қўшимча вазифалар юклатилди
Марказ, жумладан:
халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлайди;
низоларни судгача муқобил ҳал қилиш механизми сифатида медиация институтида самарали фаолият юритадиган медиаторларни тайёрлайди.
Қарорга кўра, 2030 йил 1 январдан халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Марказда педагогик қайта тайёрлаш курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган олий маълумотли шахслар дарс бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, курсларни муваффақиятли тугатиб, диплом олган шахслар давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати билан бир қаторда ФҲДЁ органларида ишлаши мумкин.
Қарорга мувофиқ, Халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиш масофавий таълим шаклида давлат ва рус тилларида амалга оширилади
Курсларда ўқиш харажатлари ТДЮУ Кенгаши томонидан белгиланади ҳамда шартномага мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Мазкур курсларда ўқиш иккинчи олий маълумот олиш ҳисобланмайди.
Олий маълумотга эга бўлмаган педагог кадрлар курсларга қабул қилинмайди.
Курсларда ўқув жараёни 18 ҳафтани ташкил этади.
Курсларни муваффақиятли тугатган тингловчилар – халқ таълими тизими педагог кадрлари беш йил давомида, ўрта махсус ва профессионал таълим тизими педагог кадрлари уч йил давомида белгиланган даврийликка мувофиқ малака оширишдан озод этилади.
Мактабгача таълим соҳасида 241 та давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларга кредит маблағлари ажратилади
“Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-5071-сон, 12.04.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, имзоланиб, молиялаштирилмасдан қолган 241 та давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларга кредит маблағлари босқичма-босқич ажратилади.
Кредитлар 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан берилади.
Лойиҳаларнинг амалдаги ҳолати, шу жумладан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми ўрганиб чиқилади ва уларнинг рейтинги шакллантирилади.
Рейтинг асосида молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда лойиҳалар рўйхати тузилади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Шунингдек, қарор билан Президентнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, 2021 йил 1 майдан давлат шериги боқувчисини йўқотган аёллар фарзандларининг ота-оналар бадали тўловларини тегишли ҳудуддаги 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган миқдорларда қоплаб беради.
Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлатда яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатилади
Ҳукумат қарори (201-сон, 12.04.2021 й.) билан “Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди
Низомга кўра, консуллик округи ҳудудига вақтинча кирган фуқаро яшаш учун маблағларсиз қолганда, муассасага молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин.
Консуллик округи – хориждаги муассаса иш олиб борадиган ҳудуд, у бир нечта давлат ҳудудини ўз ичига олиши мумкин.
Муассаса 2 иш кунида фуқародан ариза ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади, аризадаги келтирилган асослар тўғрилигини текширади, унинг хорижда бўлиш шароитларини аниқлайди (сафар мақсади, виза, яшаш шароити).
Ҳужжатларни ўрганиш асосида молиявий ёрдам кўрсатишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди ва уни Ташқи ишлар вазирлигига тасдиқлаш учун юборади.
Вазирлик 1 иш кунида фуқарога ёрдам кўрсатишга оид ҳужжатларни ва хулосани кўриб чиқади ҳамда молиявий ёрдам кўрсатиш ёки рад этиш тўғрисида хат юборади.
Хат олганидан сўнг 1 иш кунида муассаса фуқаро билан қарз шартномасини тузади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, турар жой, кийим-кечак ва транспорт харажатлари учун тўлов ўтказади.
Ариза рад қилинганда консуллик мансабдор шахси ариза берувчига рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборади.
Қарз олган фуқаро 30 кунда республика бюджетига қарзни қайтаради.
Бюджет харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади
“Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5072-сон, 13.04.2021 й.) қабул қилинди.
2021 йил май ойидан 14 та туман (шаҳар)да бюджет харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Мазкур янги тартиб 2022 йил 1 январдан эътиборан республиканинг барча туман (шаҳар)ларида босқичма-босқич жорий этилади.
2021 йил 1 июлдан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилади.
Шунингдек, жамоатчилик фикри асосидаги тадбирлар учун маблағлар “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”да тўпланади ва ундан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.
Туман ҳокимликлари жамоатчилик фикри асосидаги тадбирларни бюджетдан молиялаштиришга оид маълумотларни ҳар чорак бўйича расмий веб-сайтларига ва “Очиқ бюджет” порталига жойлаштиради.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси қайта ташкил этилди
“Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (210-сон, 14.04.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси қайта ташкил этилди.
Қарор билан Жамғарма тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга мувофиқ Жамғарма:
оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини тўлаб беради;
хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, аёллар спортини ривожлантириш, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашади;
хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларига ресурс маблағларини белгиланган тартибда жойлаштиради;
хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашади.
Президент қарори (ПҚ-5075, 14.04.2021 й.) билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги ПҚ–4984-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси аъзоларига 3 йил муддатгача, шу жумладан бир йиллик имтиёзли давр билан хомашё, материаллар ва фурнитуралар сотиб олиш учун кредит тақдим этилади.
Шунингдек, 2022 йил 1 январгача қоракўлчиликни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари божхона божидан озод қилинади
Халқаро имтиҳон тизимларида юқори балл тўплаган ёшларга харажатлари қоплаб берилади
Ҳукумат қарори (209-сон, 13.04.2021 й.) билан Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб беришнинг маъмурий регламенти тасдиқланди
Регламентга кўра, халқаро имтиҳонларда юқори балл олган ёшлар имтиҳон харажатларини қоплаб бериш учун сертификат олганидан 180 кунда давлат хизматлари марказларига ёки ЯИДХП орқали (my.gov.uz) мурожаат қилади.
ДХМ 10 дақиқада, ЯИДХП орқали эса автоматик тарзда ҳужжатлар Ёшлар ишлари агентлигига юборилади.
Агентлик 15 кунда аризачининг сертификатини верификациядан ўтказади.
Сертификатнинг ҳақиқийлигини верификация орқали аниқлаш имкони бўлмаса, Агентлик 30 кунда махсус сертификатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашни сўраб хорижий ташкилотга сўров юборади.
Сертификат ҳақиқийлиги тасдиқланганда 15 кунда компенсация маблағлари Агентлик томонидан Халқ банкига ўтказилади ва ариза берувчига СМС хабар юборилади.
Сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаганда ариза берувчига СМС хабар юборилади.
Ариза берувчи Халқ банкига мурожаат қилади ва компенсация тўловларини олади.
Андижонда Варшава менежмент университети филиали ташкил этилди
Ҳукумат қарори (211-сон, 14.04.2021 й.) билан “Collegium Humanum” Варшава менежмент университети Андижон филиали ташкил этилди.
Филиал нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади.
Филиалда ўқитиш “Collegium Humanum” Варшава менежмент университети (Польша Республикаси) (Муассис) томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ кундузги таълим шаклида, инглиз, рус ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Филиалда дастлабки босқичда қуйидаги бакалавриат таълим йўналишлари бўйича талабалар қабул қилинади:
– “Молия ва бухгалтерия ҳисоби”;
– “Транспорт ва логистикада менежмент”;
– “Халқаро бизнес ва маркетинг”;
–“Туризм, меҳмонхона иши ва умумий овқатланишда менежмент ва маркетинг”;
– “Кичик ва ўрта бизнесни бошқариш”;
– “Ахборот-коммуникация технологиялари”.
Филиалда таълим 2021/2022 ўқув йилидан бошланиб, тўлов-контракт маблағлари миқдори Муассис томонидан белгиланади.
Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.
Филиалнинг ҳар йилги қабул параметрларининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли фарзандлари орасидан танлов асосида абитуриентларни (Филиал гранти асосида) ўқишга қабул қилиш учун ажратилади.
Шунингдек, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган талабаларга тўлов-контракт миқдорига нисбатан 50 фоизгача чегирма берилади.
Филиалда таълим бериш учун 70 фоизгача малакали хорижий профессор-ўқитувчилар Польша Республикаси ва Европанинг бошқа давлатларидан жалб қилинади.
Тайёрлади адлия бўлими бош маслаҳатчиси С.Менглиқулов