Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 29 январда қабул қилинган Сенат томонидан 2021 йил 5 февралда маъқулланган
Мазкур қонунга асосан Конституциянинг 117-моддасига ўзгартириш киритилиб, олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлисининг қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий муддатлари тугайдиган йилда декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилган бўлса, эндиликда октябрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди.
Сайлов кодексининг 10-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилиши белгиланган эди.
Янги ўзгартишга мувофиқ ушбу моддадаги Маҳаллий Кенгашлар вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳамда туман-шаҳар Кенгашларига ажратилиб, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бўйича сайлов участкалари округ сайлов комиссияси томонидан, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари эса туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилиши белгиланди.
Сайлов кодексининг 19-моддасига кўра, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари аъзолари сони кўпайтирилиб, илгари етти-ўн беш нафар бўлса, эндиликда комиссия аъзолари сони ўн бир-йигирма бир нафар бўлади.
Бундан ташқари, кодекснинг 20-моддаси 2-қисм билан тўлдирилиб, туман, шаҳар сайлов комиссиясига бир қатор ҳолатларда округ сайлов комиссиясининг ваколатларини ҳам амалга ошириши белгиланди.
Кодекснинг 21-моддаси тўртинчи қисми янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмаслиги белгиланди.
Кодекснинг 25-моддаси 3-қисми янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустаснолиги белгиланди.
Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш бўйича янги 271-модда киритилди.
Ушбу моддага кўра, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.
Шу каби, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилиши, чет давлатларда турган фуқаролар ушбу сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкинлиги ва бошқа бир қатор нормалар киритилди.
Кодекснинг 29-моддаси бириинчи қисми «Чет давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади» деган жумла билан тўлдирилди.
Сайловчилар рўйхатига ўзгартиришлар киритиш якуний муддати 3 кундан 5 кунга узайтирилди.
Кодекснинг 31-моддасига киритилган янги ўзгартишга кўра, сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкин. (кўзи ожизлар учун)
Кодекснинг 32-моддаси янги иккинчи қисм билан тўлдирилиб, чет давлатлардан туриб сайловда қатнашувчилар учун сайлов участкаларига сайлов бюллетенлари Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланиши ва етказиб берилиши белгилаб қўйилди.
Кодекснинг 33-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, манфаатдор ташкилотларнинг ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига ариза бериш муддати ўн беш кундан ўн кунга қисқартирилди.
Кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиши кераклиги ҳақида олтинчи қисм билан тўлдирилди.
Кодекснинг 42-моддаси 4-қисм билан тўлдирилиб, агарда номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилиши, муддатидан олдин овоз бериш жараёнида бундай номзодни ёқлаб берилган овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳақиқий эмас деб топилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, 44-модда 5 ва 6-қисмлар билан тўлдирилиб,
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;
сайлов комиссиялари аъзоларининг;
диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб боришлари таъқиқланди.
Кодекснинг 51-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиб, унга кўра Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилиши белгиланди.
Кодекс 561-модда билан тўлдирилиб, сайловчининг чет давлатда турган жойида овоз бериш борасидаги муносабатлар тартибга солинди.
Унга кўра, сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилади.
Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма овоз бериш қутисини очади, унинг ичидаги сайлов бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни сурғучлайди ва бу ҳақда далолатнома тузади.
Сайлов бюллетенлари солинган қоп сурғучланган ҳолда далолатнома билан бирга сайлов участкасига олиб борилади ва сайлов куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунига қадар сақланади»;
Кодекснинг 86-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, Сенат аъзолари сайлови якунлари устидан Ўз.Р Олий судига шикоят бериш муддати ўн кундан 15 кунга узайтирилди.
Кодекснинг 95-моддаси 3 ва 4-қисмлар билан тўлдирилди.
Унга кўра, «Округ бўйича сайлов натижалари округ сайлов комиссиясининг мажлисида аниқланиб, баённомага киритилиши, баённома комиссиянинг раиси, ўринбосари, котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланиб, тегишли сайлов комиссиясига тақдим этилгач, баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун дарҳол участка сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга осиб қўйилиши белгиланди.
Кодекснинг 99-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилиб, сайлов комиссияларининг аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланиши, сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига, шу жумладан пенсионерларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақи тўланиши белгиланди.
Кодекснинг 102-моддасига ўзгартиш киритилиб, Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан шикоят бериш муддати ўн кундан 5 кунга қисқартирилди.
Кодекс 1021-модда билан тўлдирилиб, марказий сайлов комиссияси аъзоларига аэропорт, аэровокзаллар, темир йўл вокзаллари ҳамда станцияларининг расмий шахслар ва делегацияларга хизмат кўрсатиш залларидан текин фойдаланиш ҳуқуқи берилди.
Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси ўз гувоҳномасини кўрсатганидан кейин темир йўл вокзаллари ва станцияларининг чипта сотадиган кассалари, фуқаро авиацияси агентлиги ёки аэропортлар унга поезд вагонидан, самолёт салонидан навбатсиз жой бериши шарт. Марказий сайлов комиссияси аъзоси Марказий сайлов комиссиясининг мажлисига бораётганда унга самолёт чиптаси парвоздан камида икки соат олдин, бошқа ҳолларда эса камида бир сутка олдин берилади».
Сурхондарё вилоят судининг
судьяси Т.С.Бекпўлатов
Термиз туманлараро
маъмурий судининг судьяси М.М.Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Қумқўрғон туман судининг раиси О.А.Эргашев