Исмалоқнинг шифобаҳшлиги

Исмалоқда томирларни мустаҳкамлаш, камқонликни даволаш, иммунитетни кучайтириш хусусияти бор. Бунда кўкат таркибидаги рутин моддаси муҳим аҳамиятга эга. У капиллярларнинг қайишқоқлигини оширади. Гипертоникларда эса қон босимини меъёрига келтиради. Бунинг учун уни салатларга солиб, сомса ва чучвара қилиб еб туриш лозим. Бундай озиқланиш ошқозон ости бези фаолиятига ёрдам бериб, ҳужайраларнинг қаришини секинлаштиради.
Ундан тайёрланган таом метаболик жараёнларни тартибга солади, турли орган ва тўқималардаги кислород алмашинувини яхшилайди. Исмалоқ қайнатмаси қабзият ва қорин дам бўлишида фойдали. Ич яхши юришмаганда 10 г исмалоқ 200 г сувда қайнатиб ичилса, ичаклар иши анча равонлашиб, қорин дамлиги йўқолади.
Табиблар бу кўкатдан геморройни даволашда ҳам фойдаланишган. Бунинг учун исмалоқ шарбатига тенг миқдорда бодом ёғи қўшиб, 40 мл дан бир кунда 6 маротаба ичиш лозим.
Исмалоқ таркибидаги бир қатор фойдали элементлар асаб тизимини меъёрига туширади, тушкунлик ва неврознинг олдини олади. Ундан тайёрланган таом уйқусизликдан халос бўлишда ёрдам беради.
Исмалоқ эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам репродуктик саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Исмалоқ дамламасида оғиз чайиш орқали турли стоматологик хасталикларни тузатиш мумкин. Милклар яллиғланганда ва бодомсимон без оғриганда эса оғизни исмалоқнинг янги сиқиб олинган шарбати билан чайқаш яхши фойда беради.
Исмалоқ дамламаси шамоллашни яхши даволайди. Шу боис ҳам уни ларингит, ангина, фарингит, бронхлар ва ўпка яллиғланишига чалинган беморлар истеъмол қилиши фойдали.
Исмалоқ барги қайнатмаси асаб тизими фаолияти бузилганда тинчлантирувчи восита сифатида ичиб турилади. Қайнатма тайёрлаш учун бир неча тўғралган исмалоқ барги 1 стакан сувда ўн дақиқа қайнатилади ва 1 соат тиндириб қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал ярим пиёладан ичиб туриш тавсия этилади.
Исмалоқ калорияси паст маҳсулот бўлгани боис озишни истаганлар учун кони фойда. Уни парҳез таомларга солиб ейилса, витамин танқислиги сезилмайди. Исмалоқ иммунитетни ошириб, юқумли касалликларга чалиниш эҳтимолини камайтиради.
Исмалоқ таркибида антиоксидантлар мажмуаси мужассам. Шу боис ҳам ўсимлик ёшликни сақлаб қолиб, саратон пайдо бўлишининг олдини олади.
Олимлар исмалоқни мунтазам истеъмол қилиш қандли диабетга чалинган беморлардаги инсулинга қарамликни камайтиришини аниқлашган.
Исмалоқ бош оғриғини қолдиради. Кўкатдан тайёрланган салат организмни турли токсин, заҳарли модда ҳамда чиқитлардан тозалайди. Диетологлар турли ноқулай ва радиация бор жойда ишлайдиган одамларга шу кўкатни тавсия қилишади. Чунки исмалоқ таркибида организмдаги радионуклидларни меъёрига туширувчи модда мавжуд.
Исмалоқ таркибидаги кальций ва бошқа бир қатор нутриентлар суяк тўқималарини мустаҳкамлайди, таянч-ҳаракат тизими хасталикларини даволайди.
Баргларида мавжуд лютеин, хлорофилл ҳамда каротиноидлар кўз пардасини тиклаб, кўриш қобилиятини яхшилайди.
Шунингдек, асаб фаолияти бузилган ва қаттиқ толиққан кишиларга ҳам исмалоқнинг фойдаси катта.
Манбалар асосида тайёрланди