Жаҳон Cоғлиқни сақлаш Ташкилотининг маълумотига кўра, саломатлигимизнинг 55 фоизи кечираётган турмуш тарзимиз, 18 фоизи ирсий касалликлар, 17 фоизи экологик омиллар, 10 фоизи эса тиббий хизмат сифатига боғлиқдир.
Дунё олимларининг кўп йиллик илмий тадқиқотлари, тажрибасига асосланган «Соғлом турмуш тарзи» дастури қуйидаги оддий, шу билан бирга ҳеч қандай бойлик билан тенглаштириб бўлмайдиган ҳар бир одамга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, келажак авлод зурриёдини соғломлаштиришни таъминлайдиган қуйидаги қоида ва талаблардан иборат.
1. Ҳар бир одамнинг, биринчи навбатда ёшларнинг маънавий олами, маданияти юксак бўлиши зарур. Негаки, «Соғлом турмуш тарзи» қоида ва талабларига амал қилиш учун, одам юксак онгли, қатъиятли, иродали бўлиши шарт. Бу сифатлар бошида эса маънавият ва маданият туради.
2. Гигиена фани томонидан ишлаб чиқилган ва амалиётга тадбиқ этилган, кун тартибига амал қилиш.
3. Шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш.
4. Соғлом, тўғри овқатланиш.
5. Ҳаракатланиш фаоллигига амал қилиш. Жисмоний тарбия, спорт билан шуғулланиш.
6. Соғлиқ учун зарарли одатларга барҳам бериш.
7. Руҳий саломатликни асраш.
8. Атроф-муҳит тозалиги тўғрисида қайғуриш. Экологик маданият илмидан хабардор бўлиш.
9. Тиббий маданийлик.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг таниқли эксперт- мутахассис олимларининг фикрига кўра, агар барча мамлакатлар аҳолисининг ҳаммаси, биринчи навбатда ёшлар, «Соғлом турмуш тарзи» қоидаларига амал қилсалар, ҳар бир одамнинг соғлигининг мустаҳкамланиши, меҳнат қобилиятининг яхшиланиши, умр кўришининг узайиши, бўлажак авлод генофондининг соғломлаштирилиши каби ҳаётий муҳим кўрсатгичларда ижобий натижаларга эришилиши муқаррардир.
Ўзбекистон Республикаси соғликни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 25 февралдаги “Бирламчи тиббий-санитария кўрсатишни “маҳаллабай” ташкил қилиш чоралари” тўғрисидаги 38-сонли буйруғига асосан маҳаллаларда ташкил қилинган тиббий бригадалар томонидан ҳар шанба куни маҳаллаларда “Саломатлик куни” тадбирлари ўтказилмоқда.
Чиройли яшашни истаган инсон албатта соғлом бўлиши керак.
Саломатликни сақлаш ҳам маданиятдир. Юқоридаги кўрсатмаларга амал қилиб яшаган инсон албатта соғлом ва бахтли бўлади.
Ш. Қултўраев,
туман аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш ҳудудий бўлинмаси врач-методисти