«Қувноқлар ва зукколар» Ёшларга ҳамроҳ

Шаҳар маданият маркази саҳнаси ёшларнинг кулгуси, шўхлиги, истеъдодларининг юзага чиқишига тўла бўлди. Чунки бу ерда 4 та сектор раҳбарлари, туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қумқўрғон туман Кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, ХТБ, туман маданият бўлими, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамда Қумқўрғон янгиликлари ижтимоий канали ижодкорлари ҳамкорлигида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг туман босқичи финали ўтказилди. Туман ҳокими Р. Гаппаров ёшлар иштирокидаги тадбирда маъруза қилиб, бу қутлуғ кун Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги нишонланаётган дамда ўтказилаётганлиги билан аҳамиятлилиги, туманда ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, бунёдкорликлар ҳақида гапирди.
Тумандаги 44-сонли умумтаълим мактабининг “Жайдари болалар”, Қумқўрғон агро технологиялар техникумининг “Шум болалар”, 4-сонли умумтаълим мактабининг “Шумтакалар”, 70-сонли умумтаълим мактабининг “Осмондаги болалар”, Қумқўрғон агросаноат техникумининг “Профессионал”, 3-сонли умумтаълим мактабининг “Diamond” жамоалари тайёрлаб келган қизиқарли томошаларини намойиш қилди. Улар “Ассалом Ўзбекистон” деб номланган таништирув, Кулгили биатлон, Уйга вазифа шартларида саҳнабоп кўринишларни ижро этди.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, Профессионал” жамоаси фахрли биринчи ўринга лойиқ деб топилди. “Шумтакалар” жамоаси фахрли иккинчи ўринни банд этди. “Diamond” жамоаси фахрли учинчи ўринни эгаллади. Фахрли ўринларни эгаллаган ёшлар дипломлар, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. “Энг истеъдодли ҚВЗ чи қиз” номинациясида 70-сонли умумтаълим мактабидан Д. Жўраева, “Энг истеъдодли ҚВЗ чи йигит” номинациясида Қумқўрғон агросаноат техникумидан Э. Чоршанбиев ғолибликни қўлга киритди. Кўрик-танловни тайёрлаб, ўтказишда фаоллик кўрсатган ташкилотчилар А. Муродов ва И. Эргашевга ташаккурнома топширилди.
Н. МУҲАММАДИЕВ