Сурхондарё вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси тасарруфидаги Қумқўрғон туман филиали кутубхонаси ўқув залида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига ва 2 апрель – Халқаро болалар китоби кунига бағишланган адабий-бадиий кеча ўтказилди. Бош режиссёр Исомиддин Маҳкамов намунали, композицион талаблар асосида амалга оширди. Беш муҳим ташаббусдаги мусиқа, санъат, китобхонликни ривожлантириш ифодаланган йўналишлар қамраб олинди. Кутубхона мудири, китобхонлик танловларининг вилоят ва республика босқичлари ғолиби Илёсали Менглибоев тадбир иштирокчиларига машҳур шоир Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижоди, Халқаро болалар китоби куни ҳақида маълумотларни гапирди. Журналист ва шоир Нурмуҳаммад Муҳаммадиев таниқли ижодкорнинг асарлари, уларнинг мазмуни, тарихий шахсларнинг фаолияти, шеърият, она тили каби мавзуларни шоирона талқин этганлиги, китобларини ўқиган болаларнинг дунёқараши яхши ривожланиши ҳақида сўзлаб берди.
Шундан сўнг туман Марказий маданият марказида ташкил этилган тўгаракларнинг аъзолари иштирокида тайёрланган бадиий, мусиқий дастур намойиш этилди. Улар шеърий композицияда Ватан, китоб ҳақида шеърлар айтди. “Бойчечак” болалар ижодий жамоаси “Оқ теракми, кўк терак” дея янграган қўшиқ жўрлигида рақс ижро этди. Мусурмон Хўжаназаров раҳбарлигидаги Ашула тўгараги аъзолари “Ватан тўғёни” қўшиғини устозлари чалган куй жўрлигида айтди. Ўрол Тўрақулов устозлигида най чалишни ўрганаётган Муҳиддин Турсунов най навосидан баҳраманд этди. Қизлар намойиш қилган “Андижон полкаси” рақси ҳам мароқли бўлди.