Ўлкамизда кўклам, қишнинг совуқ кунлари ортда қолди. Лекин кўп йиллик таҳлиллар баҳор ойларида ҳам ёнғинлар кўплаб қайд этилганини кўрсатади. Негаки, айни шу пайтда айрим фуқароларимизнинг электр ва газ печларига эътибор бермай қўйиши, болалар улардан фойдаланмоқчи бўлиб, ёқиши оқибатида ёнғин келиб чиқади.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Қумқўрғон туман ФВБ ходимлари томонидан халқ хўжалиги масканлари, аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, одамлар ҳаётини ўт балосидан сақлаш борасида кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман ҳудудида жойлашган халқ хўжалиги масканларида ёнғинга қарши ҳолат юзасидан тўлиқ ва қайта текширувлар ўтказилаяпти. Шунингдек, давлат тасарруфидаги объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига доимий амал қилиниши борасида 55 марта тунги, 82 марта кундузги тезкор ўрганишлар ўтказилди. Аниқланган камчилик ва нуқсонлар бўйича маскан раҳбарларига ёзма кўрсатмалар тақдим этилди. Аҳоли турар жойларининг ёнғинга қарши ҳолати текширилиб, хонадон эгалари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Халқ хўжалиги масканлари ва аҳоли турар жойларида ўтказилган текширувлар давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 23 нафар жавобгар шахсларга 2.453.400 сўм миқдорда жарима солинди. Таҳлилларга кўра ўтган йилга нисбатан ёнғинлар сони 50 фоизга камайишга эришган бўлсада, хотиржам бўлишга асос бўла олмайди. Бундан ташқари соҳавий хизматлар билан ҳамкорликда профилактик ишлар кучайтирилиб, фуқароларга ҳар доим хушёр ва эътиборли бўлиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш лозимлиги тушунтирилаяпти.
А. Тоштемиров,
туман ФВБ бошлиғи ўринбосари, катта лейтенант