Ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатлар билан таништирамиз

Қонунчилик ҳужжатларини бажармасликка ёки бузишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик белгиланди

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–679-сон, 30. 03. 2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексга қўшимча киритилди.
Унга кўра, Ўзбекистоннинг қонунчилик ҳужжатлари талабларини жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқлари, Интернетдан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда омма олдида даъват қилиш БЎМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача (14 млн 700 минг сўмдан 19 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон Президентини телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(Илгари Президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, мазкур жиноятни матбуот ёки бошқа ОАВдан фойдаланган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик мавжуд эди.)
Кодексга оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик киритилди. Унга кўра, мазкур қилмишни содир этган шахслар БЎМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, Интернетдан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, БЎМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Давлат иштирокидаги корхоналар сони қисқартирилади.
Ҳукумат қарори (166-сон, 29.03.2021 й.) билан 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.
Мақсадли кўрсаткичлар доирасида давлат иштирокидаги корхоналар сони 75 фоизга қисқартирилади:
давлат иштирокидаги камида 20 та корхона акциялари бирламчи ва иккиламчи оммавий таклиф этилади;
давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзолар сони 2025 йилга қадар 30 фоизгача етказилади.
2021 йил 1 июлдан:
давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгаши, ички аудит хизмати, кузатув кенгаши таркибида аудит қўмитаси ташкил этилади;
акциялари фонд биржасининг биржа котировкаси варағига (листингга) киритилган ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларида “мувофиқлик тизими” (комплаенс) хизмати ташкил этилади.
2022 йил 1 январдан:
стратегик соҳаларга оид айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи (олтин акция) бекор қилинади; ижро этувчи орган ва кузатув кенгаши аъзолари ваколатлари 1 йилдан 3 йилгача узайтирилади; давлат улуши бўйича давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши аъзолигига номзодларни танлов асосида аниқлаш амалиёти босқичма-босқич жорий этилади.
Шунингдек, Стратегияга кўра:
давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарлиги ва ижро этувчи орган аъзолигига номзодларни Вазирлар Маҳкамаси билан келишиш;
давлат хизматчиларининг бир вақтнинг ўзида давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи раҳбари (аъзоси) лавозимларини эгаллаши амалиётлари бекор қилинади.
Ижро этувчи орган раҳбари ва аъзолари жавобгарлиги бўйича суғурта қилиш механизми жорий қилинади.
Ташкилотларда ижро интизомига масъул алоҳида штат бирлиги жорий этилади.
“Ўзбекистон Республикаси ҳукумати тизимидаги давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалари раҳбарларини лавозимларга тайинлаш ва уларнинг фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори (171-сон, 31.03.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси таркибига кирмайдиган давлат органларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалаларини Президент Администрацияси Ижро интизомини таъминлаш шўъбаси билан келишиш Президент Администрацияси томонидан белгиланадиган тартибга асосан амалга оширилади.
Жорий йил 1 июлга қадар ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалари бўлмаган марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларида ижро интизомига масъул алоҳида штат бирлиги жорий этилади.
Мазкур масъул лавозимга тавсия этиладиган номзодлар давлат органлари ва ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари томонидан ўтказилган суҳбатлар натижаларига кўра танлаб олинади.
Шунга кўра, давлат органлари ва ташкилотларнинг ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалари раҳбарлари, жумладан, “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали келиб тушган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросининг тизимли назоратини амалга оширади. Ижро интизомига масъул таркибий бўлинма раҳбарлари ҳар йили бир марта (бир ҳафта давомида) Вазирлар Маҳкамасида тасдиқланган график асосида стажировкадан ўтказилади.
“Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ 681-сон, 01.04.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.
Қонунга кўра, томорқа хўжалиги шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам эркин савдо учун, ҳам оила эҳтиёжлари учун етиштириш (қайта ишлаш) билан боғлиқ меҳнат фаолиятидир.
Томорқа хўжалиги тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди ва томорқа хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди.
Томорқа хўжалигини юритиш учун ажратилган шахсий томорқа ер участкасида етиштирилган (қайта ишланган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хусусий мулкдир. Томорқа хўжалигидаги фаолият шахсий томорқа ер участкаси эгасининг ва оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади.Майдони камида 0,04 гектар бўлган шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ёки мазкур майдонда шохли қорамол ёхуд камида 50 бош парранда боқаётган шахсий томорқа ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзолари ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Томорқа хўжаликларининг ҳисоби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан Томорқа хўжаликларини ҳисобга олиш реестрини шакллантириш орқали юритилади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар 10 гектаргача иккиламчи ижарага берилиши мумкин.
“Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–680-сон, 01.04.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.
Қонунга кўра, 18 ёшга тўлган, муомалага лаёқатли бўлган, ўзига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида берилган Ўзбекистон фуқароси ёки Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс деҳқон хўжалиги бошлиғи бўлиши мумкин.
Деҳқон хўжалиги деҳқон хўжалиги бошлиғининг давлат хизматлари марказларига шахсан ташрифи воситасида ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳисобга қўйилади ёки давлат рўйхатидан ўтказилади.
Бунда давлат божи ва йиғим ундирилмайди.
Деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисми 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган ўлчамда бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) берилиши мумкин.
Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасидан деҳқон хўжалигининг ихтисослашуви асосида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун фойдаланилиши керак. Шу билан бир вақтда бундай ер участкасида 10 бошгача чорва молни ўтлатишга йўл қўйилади.
Ер участкасида енгил конструкцияли иссиқхоналар ва бошқа иморатлар, шунингдек суғориш иншоотларидан ташқари иншоотлар ва иморатлар, шу жумладан ер ости иншоотлари аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органининг ёзма тақдимномасига кўра деҳқон хўжалиги бошлиғи тақдимномани олган кундан эътиборан 15 кун ичида ихтиёрий равишда ўз ҳисобидан бузиб ташлаши ҳамда ер участкасини олдинги ҳолатга келтириши шарт.
Деҳқон хўжалиги ўз ихтисослашувини, шу жумладан қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини мустақил равишда белгилайди.
Деҳқон хўжалиги ўзи ишлаб чиқараётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бозордаги талаб ва таклиф нисбатидан келиб чиқиб мустақил равишда нархлар белгилайди.
Давлат деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди.
Деҳқон хўжаликлари тасарруфида бўлган ер участкалари майдонларини уларнинг розилигисиз мақбуллаштиришга (қисқартиришга, ўзгартиришга ва бошқаларга) йўл қўйилмайди.

Д. Худойқулова,
туман адлия бўлимининг етакчи маслаҳатчиси