Ҳалол топилган мулк ёнга ётар акс ҳолда…

Халқимиз донишмандликлари билан фарзандларини намунали турмуш кечиришга ўргатишга одатланган. Ҳалоллик, пешона тери билан мулк, ризқи-рўз топиш азалий урф-одатимиз ҳисобланади. Шунга қарамасдан одамлар орасида қинғир ишларга қўл уриб, бошқаларнинг мулкини ўғирловчилар учраяпти. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади деганлари рост.
Буни 2021 йил 1 февраль куни жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди томонидан Жарқўрғон туман ИИБ биносидаги сайёр суд мажлисда кўрилган жиноят иши мисолида баён қиламиз. Судланувчи Ш. П. 2020 йил 26 июль куни соат тахминан 22.00 да ўғирлик йўли билан ўзганинг мулкини яширин равишда қўлга киритиш ва манфаатдор бўлишни режалаштирди. Жиноий режасини амалга ошириш мақсадида “Азларсой” маҳалласида яшовчи фуқаро Х. С. нинг уйига борди. Хонадон эгалари уйда йўқлигини билиб, уй ёнидаги омборхона ичкарисига ғайриқонуний равишда кирди. Омборхона ичида турган сотилиш нархи 1100000 сўмлик “Артел” русумли кир ювиш машинасини ўғирлаб кетди. Уй эгасига моддий зарар етказди. 27 июлда “Янгиҳаёт” маҳалласида яшовчи таниши Н. У. га бу маҳсулот ўғирланганлигини айтмасдан арзон нархда 600000 сўмга сотди. Буни қаранки, харидор ҳам бугунги кундаги нарх маълум эканлигини инобатга олмай харид қилди. Ўғири ноқонуний йўл билан топган пулини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлади. Инсонларнинг ҳуқуқларини қонун асосида ҳимоя қилувчи туман ИИБ ходимлари даъвогар Х. С.нинг аризаси бўйича суриштирув ҳаракатларини олиб борди. Ўғирликни Ш. П. содир этганлигини аниқлади. Бу жиноят ишига тааллуқли барча ҳужжатларни тўплади. Тергов ва суд ишлари натижасида уни айбдор деб топди. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, дейишади доно халқимиз. Ўзгалар мулкига кўз олайтириб, арзон маҳсулот қаердан келтирилганлигини инобатга олмаслик ҳолатлари суд курсисига олиб келганлигидан тўғри хулоса чиқариш керак. Мулк ва ризқни ҳалол топган одам ҳеч қачон изза бўлиб қолмайди.
О. Эргашев,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси,
М. Пардаев,
туман прокурори ёрдамчиси