Жанжаллашиш наф эмас зиён келтиради

Оила муқаддас даргоҳ. Бахт маконида яшаётган эр ва хотиннинг ҳуқуқлари қонун асосида ҳимояланган. Уларнинг тинч-тотув, тўқ, фаровон яшаши атрофдагиларни ҳам хурсанд қилади. Ўзаро турмуш қуриб, фарзандли бўлган ота-оналарнинг хатти-ҳаракатлари ўғил-қизларига намуна бўлади. Аксинча муомала меъёрлари бузилса, ўзаро жанжаллашса оқибати ўзига зиён келтиради.
Тумандаги “Янгишаҳар” маҳалласида яшовчи Ф. Р. (исми, фамилияси ўзгартирилди) “Боғаро” маҳалласида яшаган Ч. П. га (исми, фамилияси ўзгартирилди) уйланиб, 6 йилдан буён бир оилада истиқомат қилмоқда. Ўрталарида икки нафар фарзанди бор. Шунга қарамасдан эр ва хотин оилавий масалада бир неча марта жанжаллашди. Кучи аёлидан кўпроқ бўлган эркак ақлини тўғри бошқараолмай турмуш ўртоғини уриб, ҳақоратлади. Оқибатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотда қилмишига яраша жавоб берди. Жарқўрғон туман собиқ маъмурий судининг 2020 йил 21 май кунидаги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 41-моддаси ва 52-моддаси 2-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, 446000 сўм миқдорида маъмурий жарима жазосига тортилди. Халқимизда “Яхши отга бир таёқ, ёмон отга минг таёқ” деган нақл бор. Буни аждодларимиз авлодларини тарбиялашда айтиб келишган. Ф. Р. ҳам шу заминда яшаб, бундай гапларни кўп эшитганига шубҳа йўқ. У биринчи жазоданоқ тўғри хулоса қилиши керак эди. Оилада жанжал қилишни давом эттиргани ўзига зиён келтирди. Шу йили декабрь ойида эрталаб жанжал тушига кириб чиққандек ўзаро келишолмай қолишди. Эр хотинини жаҳл устида ҳақорат қилди. Бу ҳолат уни яна қора курси томон боришига олиб келди. Туман профилактика инспектори Ю. Сафаров унга телефон қилиб “Хотинингни яна урдингми, мен сени огоҳлантирган эдим-ку” деб маълум қилди. 2021 йил 10 март куни жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди бу жиноят ишини кўриб чиқди. Суд мажлисида судланувчи ва жабрланувчиларнинг гаплари тингланди. Судлананувчи ўз айбига иқрор бўлмасада, судда сўралган жабрланувчиларнинг аризалари, кўрсатувлари, маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида суд қарори, юзлаштириш баённомалари, шунингдек, жиноят иши бўйича тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан айби тўлиқ тасдиғини топди. Суд ҳукмига асосан оиладек улуғ кашонани тўғри бошқармаган, балки дарз кетишига сабабчи бўлган эркакка жазо тайинланди.  Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 1-қисми билан иш ҳақининг ўн беш фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда  9 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди.
Бу ҳолат унга ва бошқа оила соҳибларига сабоқ бўлиши керак. Оила давлатимизнинг ғамхўрлиги туфайли вужудга келади. Эр ва хотиннинг ҳақ-ҳуқуқлари қонунчиликда белгилаб берилган. Муносабат меъёрларига амал қилган тинч-тотув, бахтли турмуш кечиради.
              Ш. Акрамов,
            туман прокурори,
                       Т. Тожиев,
жиноят ишлари бўйича туман суди девонхона мудири