Тумандошларимизнинг эришаётган ҳар бир ютуғи барчага шодлик олиб келади. Катта-ю кичик уларни қутлайди. 1-сонли умум таълим мактабининг ўқувчиси, Ўзбекистон чемпиони Ў. Бозорова Тошкент шаҳрида ўтказилган III Халқаро марафон мусобақасида 3 километр масофага югиришда маррага 3-ўринда етиб келди. Мусобақа ташкилотчилари енгил атлетика спорт тури билан шуғулланиб, юқори натижага эришган спортчини эсдалик медаль ва қимматбаҳо совға билан тақдирлади. У жисмоний тарбия ўқитувчиси Б. Сатторов устозлигида пухта тайёргарлик кўргани учун кетма-кет ютуқларга эришаяпти.
Туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, ташкилотлар раҳбарлари, спорт мухлислари Қумқўрғон темир йўл вокзалида совриндор спортчи ва мураббийни тантанали кутиб олди. Мусиқа садолари ва модераторнинг табриги янгради. Туман ҳоким ўринбосари З. Хидирова аёлларга, ёшларга эътибор қаратилаётганлиги туфайли бу спортчи халқаро турнирда фахрли ўринни эгаллаганлиги, буни билан республика миқёсида Қумқўрғон туманнинг ўз ўрни борлигини кўрсатди, – деди табрик гапида. Мутасаддилар томонидан устоз ва шогирдга тўн, эсдалик совғалар топширилди.
Шу куни 2-сонли умум таълим мактабида ҳам туманимиз фахри бўлган жисмоний тарбия ўқитувчиси ва унинг спортчиси шарафига ўқувчилар ва педагоглар иштирокида умумий йиғилиш ўтказилди. Мактаб директори Н. Мустафақулова, ХТБ методисти Б. Тошбоев, нуроний боболар республика ва халқаро мусобақаларда кетма-кет ютуқларга эришаётган ўқувчи ва унинг мураббийсини қизғин табриклади.
Н. МУҲАММАДИЕВ