Китобхонлар мамнун бўлди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 781-сонли Қарори билан тасдиқланган Миллий Дастурга асосан ҳар йили апрель ойининг биринчи ўн кунлиги “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилиши белгиланган. Шунга асосан, куни кеча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси Республика Ёшлар ижоди саройида, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида ҳафталикнинг очилиш маросими кўтаринки руҳда ўтказилди.
Жорий йилнинг 5-9 апрель кунлари вилоятимизда “Китобхонлик ҳафталиги” бўлиб ўтди. Мазкур тадбирнинг очилиш маросими, Адиб Собир Термизий номидаги вилоят Ахборот-кутубхона маркази биносида ўтказилиб, худди шу вақтда вилоятимизнинг барча туманларида ҳам кутубхона муассасалари томонидан очилиш маросимлари ташкиллаштирилди. Ушбу тадбирларда вилоятимизнинг машҳур маданият, санъат намоёндалари ҳамда ҳокимликлар вакиллари иштирок этишди.
Очилиш маросимидан кейин, вилоятдаги Зулфия мукофоти билан тақдирланган ёшлар билан китобхонликни тарғиб қилувчи ижодий кечалар ташкил этилди.
6 апрель куни вилоят кутубхонасида Афғонистон фуқароларни ўқитиш маркази ўқувчилари иштирокида “Назм ва Наво” Бобур ва Навоийхонлик кечаси бўлиб ўтди.
Шунингдек, ҳафта доирасида “Расмга туширилган китоблар”, “Китоб орқали дунёни кашф этамиз”, “Китобхонлик-китоб севарликдан бошланади” ва “Китобхонлик-Олий фазилат” мавзуларида ижодий учрашувлар, воҳамизнинг машҳур шоир, ёзувчи ва санъат намояндаларининг китоблари тақдимоти ҳамда “Китоб хазина, билим бойлик” мавзусида шеърхонлик кечалари ташкил этилди.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш Президентимиз айтиб ўтганларидек бугуннинг энг долзарб масаласи ҳисобланади.
Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли хил ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг айнан тўртинчи йўналиши ҳам аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш эканлиги бу борадаги маънавий-маърифий муҳитни юксалтириш бўйича тизимли ишларни ташкил этишимиз лозимлигини кўрсатади. Аслида китоб ўқиган кишининг дунёқараши кенгайиб, ҳаётда бўлаётган янгилик ва ўзгаришларга теран нигоҳ билан қарайди, турли усуллар билан тарқалаётган ҳар хил уйдирма ва ёлғонлардан иборат хабарларга ишонмайди. Аксинча ўзининг шахсий фикри билан холис ва адолатли жавоб қайтаради.
Китобхонлик ҳафталиги доирасида кенг оммага китобхонликни ривожлантириш борасида турли мазмундаги тадбирлар, викториналар, машҳур ижодкорлар, ёш ҳаваскор ижодкорлар билан учрашув кечалари, китоб тақдимоти, ғазалхонлик кечалари ўтказилди.
Ҳафталик доирасида 7 апрель куни вилоят ҳокимлиги, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Олий таълим муассасалари, Халқ таълими, маданият бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Ёшлар иттифоқи билан Кенгаши билан ҳамкорликда Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройи ҳудудида катта китоб сайли ўтказилд. Тадбирда бадиий учрашувлар, маданий тадбирлар, китоб савдо ярмаркалари, шаҳар мактаблари ўқувчилари иштирокида саҳна кўринишлари ҳамда воҳамизнинг машҳур ижодкорларининг китоблари тақдимотлари ҳам ўтказилди.
Шунингдек, ҳафталикда 30 дан ортиқ етакчи нашриётларда сўнгги йилларда чоп этилган 3000 га яқин китоблар тақдимотлари, Алишер Навоийнинг 580 йиллиги, Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг 80 йиллиги, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллиги, шунингдек, ўзбек эстрада санъатининг асосчиси Ботир Зокировнинг 85 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ҳамда Жарқўрғон туманидаги Темурбеклар мактаби ўқувчилари иштирокида “Биз ким – Амир Темур соҳибқирон авлоди” мавзусида ижодий кечалар ҳам ташкил этилди.
Бу китобхонлик ҳафталигида қарийб вилоятнинг 550 000 дан ортиқ аҳолининг турли ёш қатлами қамраб олиниб, улар ўртасида кенг китобхонлик маданияти тарғиб қилинди. Ушбу тадбирлар ҳафталик доирасидан ташқари ҳам мунтазам вилоят ва туман Ахборот-кутубхона марказлари томонидан ўтказилиб борилади.
Яраш ХУДОЙҚУЛОВ,
Сурхондарё вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бош мутахассиси