Карантин даврида масофавий таълимнинг афзалликлари

Масофадан ўқитиш тизими замон билан ҳамқадам инсон (ўқитувчи, ўқувчи ва ота-она) учун жуда қулай усулдир. Бунга кўра, даставвал ўқитувчи интернетга киради ва тасдиқланган дарслар асосида сайтга ва ёки махсус ижтимоий тармоқ каналига ўзининг видео маърузаларини, савол ва топшириқларини жойлаб боради.
Шундан сўнг устози томонидан берилган барча тошириқлар билан ўқувчи ёки талаба интернет орқали истаган пайтда танишади ва берилган топшириқларни бажаришга киришади, бажарганларини яна видео ва ёки бошқача кўринишда устозига юборади. Хуллас, бугунги масофавий таълим жараёни шу тарзда амалга оширилмоқда ва ушбу жараёнда кимнинг қандай иштирокига қараб баҳолар аниқланмоқда.
Жумладан туманимизда ҳам масофадан ўқитиш жараёни изчиллик билан амалга оширилмоқда. Тумандаги 20 умумтаълим мактабида ҳам ўқувчилар фаоллик билан масофадан ўқитилмоқда. Ўқитувчилар томонидан берилган топшириқлар ўқувчилар ҳамда ота-оналар томонидан бажарилиб келинмоқда.
Шу ўринда телевидение орқали дарсларнинг ташкил этилгани яхши ғоя ва амалиётда кутилган натижаларни бераётганини ҳам эътироф этиш жоиз. Негаки, улар осон ва қизиқарли тарзда ўқувчи томонидан қабул қилинмоқда. Ортиқча меҳнат, ҳаракат талаб қилмайди. Кўради, эшитади, ёзади ва бажаради. Керак бўлса шу орқали ўқитувчисига ҳисобот бериши ҳам мумкин. Теледарснинг барча учун қулайлиги кенг жамоатчилик, айниқса, ота-оналар томонидан айтилмоқда.

М. НОМАЗОВА,
М. ХОЛМЎМИНОВА,
тумандаги 20 умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчилари