БУГУНГИ КУННИНГ СЎНГГИ МАЪЛУМОТЛАРИ

Республика махсус комиссияси томонидан коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳозирга қадар жорий этилган барча чекловлар 2020 йилнинг 10 майига қадар узайтирганлигидан келиб чиқиб, қуйидагилар маълум қилинади:

Хорижий фуқароларга берилган виза муддатлари жорий йил 1 июнгача автоматик тарзда узайтирилди.

Ноозиқ-овқат буюмлар (кийим-кечак, хўжалик моллари, кўчатлар, уруғлар) савдосига сайёр савдо нуқталари орқали санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ташкил этишга рухсат берилади.

Бунда ижтимоий масофа (2 метр) сақланиши ҳамда бошқа санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши мажбурий.

Карантин даврида муддати тугайдиган барча рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар (лицензия ва рухсатномалар) ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, автотранспорт воситалари учун талаб қилинадиган ҳужжатлар (суғурта полиси, транспортни бошқариш учун ишончнома, транспорт воситасини (қайта) рўйхатдан ўтказганликни ҳамда техник кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар) амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади. Уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан жавобгарлик ва бошқа чоралар қўлланилмайди.

Карантин даврида фақатгина банк пластик карталарига ўтказиш тартиби белгиланганлигини инобатга олган ҳолда, пенсионерларнинг пластик карталаридаги операциялар учун комиссион тўловларни ундирмаслик тартиби жорий этилади.

Электрон рақамли имзо калитини масофадан туриб олиш механизми жорий этилади.

Етказиб бериш хизматини кўрсатувчи лицензиясига эга бўлган, йўналишсиз таксилар ҳайдовчилари “махсус комбенизон” (шахсий µимоя кийими), тиббий қўлқоп ва ниқобларда фаолият олиб бориши лозим.

Йўловчи ташиш фаолияти билан боғлиқ барча лицензиялар бўйича ариза қабул қилиш ва лицензияларни кўриб чиқиш ва бериш 2020 йил 10 майгача қадар вақтинча тўхтатилади.

Нодавлат тиббиёт ташкилотларига барча талабларига риоя қилган ҳолда ҳудуддий санитария эпидемиологик осойишталиги марказлари раҳбарлари томонидан имзоланадиган шартнома асосида 2020 йил 1 сентябрга қадар короновирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатишларига рухсат берилади.

Ички ишлар вазирлиги: карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш қонуний!

Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарорига мувофиқ, автотранспорт воситаларининг махсус рухсатнома (стикер)сиз ҳаракатланишига йўл қўйилганда, ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилиши белгиланган.

Айрим фуқаролар ва экспертлар махсус рухсатнома (стикер)сиз ҳаракатланиш билан боғлиқ масалалар — йўл ҳаракати қоидалари доирасидаги ҳуқуқбузарлик, деб НОТЎҒРИ фикр юритишяпти.

Ушбу ҳолат йўл ҳаракати эмас, балки карантин қоидаларини бузиш деб малакаланади. Карантин чекловларини бузган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига мувофиф жавобгарликка тортилади.

Карантин қоидаларини бузувчи шахслар томонидан, жумладан тегишли ҳуқуқи мавжуд бўлмаган тақдирда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарликни давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида, мазкур автотранспорт воситалари ички ишлар органлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.

Махсус комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши МАЖБУРИЙДИР.