Дунё миқёсида коронавирус инфекцияси кенг тарқалиб бораётган бир шароитда Муҳтарам Юртбошимиз раислигида жорий йилнинг 14 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича олдимизга муҳим вазифалар қўйилди.
Йиғилишда Президентимиз аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиши, бир йилда 2-3 марта ҳосил олиш чораларини кўриши зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.
Ҳа, бугунги қалтис вазиятда томорқадан унумли фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгаши депутатлари ва партия фаолларидан иборат Ишчи гуруҳ аъзолари томорқа ер эгалари билан тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.
Туманимизда ҳам ана шундай эътибор самарасида томорқадан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлиги, бозорларимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган тумандошларимиз кўп. Хусусан, Шерозий маҳалласида истиқомат қилувчи Исмоилова Бахтинисо опа шундай меҳнаткашлардан бири. У 30 сотих ерда иссиқхона ташкил этиб, булғор қалампирини парваришламоқда. Бахтинисо опамиз томорқасида етиштирилган сара маҳсулотларни тез кунларда бозорга олиб чиқади.
– Эски чангалзор ўрнида яхши ният билан иссиқхона барпо этдик, – дейди Бахтинисо опа. – Ҳосилдорлик яхши. Келгусида иссиқхона майдонини янада кенгайтириб лимон, бодринг етиштиришни ҳам йўлга қўймоқчимиз.
Туманда томорқа маданияти йилдан-йилга юксалиб, оилалар даромади ошмоқда.
– Томорқа маданиятига эътибор фаровонлик демакдир, – дейди «Исломобод» маҳалласида яшовчи фуқаро Сафаров Илҳом. – Бўш ерлардан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш бўйича амалга оширилган тарғибот ишлари ўз самарасини бераётир. Маҳалламиздаги ҳар икки хонадоннинг бирида иссиқхона бор. Йилнинг тўрт фаслида барча сабзавотлар муҳайё.
Илҳом Сафаров ҳам ишбилармон миришкорлардан. 3,5 сотих ерда ташкил этилган иссиқхонада 1000 тупдан ортиқ помидор кўчати парваришланмоқда. Январнинг йигирмасида ўтқазилган ниҳоллар айни пайтда ҳосилга кирган. Хонадон соҳиблари ҳам иссиқхона билан биргаликда саримсоқпиёз, пиёз, картошка каби сабзавотлар етиштирмоқда. Илҳом ака маҳсулотларни бозорга чиқариш ҳаракатида.
Илҳом ака лимон етиштириш бўйича ҳам яхшигина тажриба тўпламоқда. 2 сотих майдонда лимонарий ташкил қилиб, 30 тупдан ортиқ лимон кўчатидан мўл ҳосил олмоқда.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир.
Айниқса, куни-кеча ёққан ёмғир деҳқончилик ишларига айни муддао бўлди, десак янглишмаймиз. Боиси ерга қадалган барака уруғларининг бир текисда кўкаришида унинг ўз ўрни бор, албатта. Ҳозирда Ишчи гуруҳ аъзолари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда аҳолига ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, рўзғор учун зарур полиз ва сабзавот экинларини экиш бўйича фуқаролар ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, бугунги кунда унумдор тупроқли томорқаси бўлатуриб, ҳанузгача бирор турдаги экин экилмаган, бегона ўтлар босиб ётган, томорқасини қаровсиз қолдирган айрим фуқароларга дангасалик – камбағалликка олиб борувчи иллатдир, дегинг келади киши. Ахир, кафтдек томорқа – катта хазина-ку!
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА,
туман Кенгаши депутати