Қумқўрғон тумани «Арсланбойли» маҳалласида яшовчи фуқаро Мелибоева Сарвиноз шу кунга қадар ишсиз эди. Тикувчилик ҳунари бўлсада, тикув машинаси олиш имкони бўлмаган Сарвиноз «Боймоқли» маҳалласида ўтказилган «Ҳоким ва ёшлар»учрашувида туман ҳокими Р. Гаппаровга тикув машинаси олиб, ўзини ўзи банд қилиш истагини билдирди. Унинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, учрашувнинг ўзидаёқ Сарвиноз Мелибоева 2 дона тикув машинасига эга бўлди.
Қумқўрғон тумани 2-сектор ҳудудига қарашли “Боймоқли” МФЙда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда ёшлар ва аёллар томонидан 52 та мурожаат келиб тушган бўлса, ўртага ташланган мурожаатларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ижобий ечим топилди.
Тумандаги «Оқтом» маҳалласида тикув цехи ўз иш фаолиятини бошлади. Туман марказидан олисда жойлашган маҳалла аҳли учун қувонарли кун бўлди. 14 нафар аёллар бандлиги таъминланди. 8 нафар «Аёллар дафтари» га, 6 нафар «Ёшлар дафтари» га киритилган хотин-қизлар банд бўлишди. Очилиш тадбирида туман ҳокими ўринбосарлари, 3-сектор раҳбари, маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Тумандаги «Шерозий» маҳалласи Педагогика коллежи фаоллар залида Шерозий, Исломобод, Чўкирли, Ғалаба, Тўда маҳаллаларидан 5 нафар қизлар иштирокида «Қизлар одоби тарғиботчиси» кўрик-танлови бўлиб ўтди. Ғолиб иштирокчиларини туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари С. Валиева тақдирлади.
Куни кеча Шўрчи туманида Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ансамбллари, оркестрлари ва жамоа ижрочилиги Республика кўрик-танлови»нинг вилоят босқичида туманимиздаги 11-Болалар мусиқа ва санъат мактабининг анъанавий хонандалар ансамбли ва рақс жамоаси фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Халқ чолғулари ансамбли фахрли 1-ўринни эгаллаб ушбу танловнинг Республика босқичига йўлланма олди.