ТАНИШТИРУВ

Биз яшаётган, билим ўрганиб, ишлаётган туманда табиат, атроф-муҳит, экология билан чамбарчас боғланган ишлар бор. Ҳаётимизни ўзгача тасаввур қилмаймиз. Балки табиат ва экологияни муҳофаза қилиб яхши шароитларни ҳосил қиламиз. Туманимизда туғилиб ўсган Тошпўлат Аллашев Термиз давлат университетининг кундузги бўлимида экология ва табиатдан фойдаланиш мутахассислиги бўйича олий маълумот олди. У ижтимоий соҳаларда меҳнат қилиб, тажриба тўплади. Туманимиздаги 57-, 29-сонли умумий ўрта таълим мактабларида ўқитувчи, туман Марказий шифохонасида пуллик хизмат ҳисобчиси лавозимларида ишлади. “Жарқўрғонтумангаз” филиали назоратчиси бўлиб аҳолини табиий газ билан таъминлашга ҳисса қўшди.
2016 йилдан бошлаб сиёсий партия ташкилотида фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Жарқўрғон туман Кенгаши Ижроия қўмитаси етакчи мутахассиси, партия гуруҳи ижрочи котиби вазифаларини бажарди. 5 йил давомида ЎзМТДПнинг устувор вазифаларини Жарқўрғон туманида амалга оширишда фаоллик намуналарини кўрсатди. Унинг самарали  меҳнати раҳбарларнинг назарига тушди. Шунинг учун 2021 йил 1 мартдан буён Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши Ижроия қўмитаси етакчи мутахассиси – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати (А. Тўлабоев) ёрдамчиси лавозимида фаолиятини бошлади. У сиёсий партия ташкилотида ишлаб мутахассислигига доир ишларни бажариши ва зарур қонунларнинг қабул қилинишида муносиб иштирок этишига ишонамиз.