Табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиши давом этмоқда

Сурхондарё вилоятида барча тоифадаги истеъмолчилар учун табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимининг жорий этиш ишлари қизғин давом этмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 13 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 9 июлда қабул қилинган “Иқтисодиёт ва аҳолини энергия манбалари билан барқарор таъминлаш, нефть ва газ саноатини бошқариш тизимини молиявий соғломлаштириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига табиий газ етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш ва ўзаро тўловларни тартибга солиш белгиланиб, унга илғор инновацион технологияларни жорий этиш вазифалари белгиланган.
Шунингдек, мазкур қарорларда барча тоифадаги истеъмолчилар учун замонавий – “ақлли” газ ҳисоблагичларининг ўрнатилиши мажбурийлиги белгиланиб, шу орқали газ истеъмоли ва ҳисобга олишни назорат қилиш, маълумотларни йиғиш учун ягона бошқарув тизимини йўлга қўйиш, газ таъминотчиси ва энергия комплексининг бир қатор тузилмаларидаги молиявий йўқотишларнинг олдини олиш, аҳоли орасида истеъмол қилинган табиий газ учун дебитор қарздорликни камайтириш имконини яратади.
“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали томонидан 2020-2021 йилларда табиий газ истеъмолчиларига лойиҳа доирасида вилоят учун жами 107 833 та ҳисобдон ўрнатилиши режалаштирилган.
“Ҳозирда Термиз ва Денов шаҳарлари, Денов ҳамда Сариосиё туманларидаги хонадонларга замонавий газ ҳисобдонлари ўрнатиш ишлари якунланиб, истеъмолчиларга унинг қулайлиги, афзалликлари ҳақида маълумотлар тақдим этилмоқда, – дейди филиал директори Мирзабек Мансуров.
Таъкидлаш жоизки, табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини татбиқ этиш орқали қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишларнинг олди олиниши билан бир қаторда йўқотишлар ҳамда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини вақтида огоҳлантирилишига эришилади. “Ақлли” ҳисоблагичлар истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчаб, реал вақт режимида маълумотларни узатади.
Ўрнатиш билан боғлиқ барча ишлар “Hududgazta’minot” АЖ ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан амалга оширилади. Бир сўз билан айтганда, замонавий ускуналар истеъмолчиларга бепул ўрнатилади. Ҳисоблагични қувватлантириш учун фақат ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган талабларга жавоб берувчи махсус батареялардан фойдаланиш талаб этилади.
“Ҳимоя пломбаси бузилмаслигининг олдини олиш учун ҳисоблагични қувватлантирадиган батареяни истеъмолчи томонидан мустақил равишда алмаштирилишига йўл қўйилмайди, электрон ўлчов тугуни батареясининг фойдаланиш муддати белгиланган шартларда камида 8 йилни ташкил этади. Ҳисоблагични ўрнатиш, ечиш ҳамда профилактик текширишга фақат газ тармоқлари операторлари ёки ихтисослаштирилган ташкилотларнинг бундай ишларни амалга ошириш учун тегишли рухсатномага эга бўлган ходимларига рухсат берилади. Бу каби тадбирлар ҳисоблагич ўрнатилган газ қувурида газ босими бўлмаганда амалга оширилади” – дейди филиал мутахассиси Хусниддин Рамазонов.
Меъёрий ҳужжатларда ҳисоблагичларни тегишли ташкилот ходимининг тўғридан-тўғри назорат тадбирларини олиб бориши учун хонадонларнинг кириш қисмларига белгиланган баландликда ўрнатилиши кераклиги айтилган. Истеъмолчиларга бу бўйича тушунчалар бериляпти.
“Бундай газ ҳисоблагичлар биз учун чинакам янгилик, энди фақат истеъмол қилинган газ учун ҳақ тўланишида шаффофликнинг таъминланиши, барча харажатлар, жумладан, таъмирлаш ва ўлчаш мосламаларини давлат қиёслов текширувларидан ўтказиш ишлари ҳам газ таъминоти ташкилотининг маблағлари ҳисобидан қопланишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Табиийки, биз истеъмолчилар ҳам масъулиятни ошириб, газдан, газ жиҳозларидан оқилона фойдаланишни одат қилишимиз керак – дейди Термиз шаҳрининг “Боғишамол” маҳалласида яшовчи фуқаро Инобат Каримова.
Энг муҳими ушбу лойиҳа иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва истеъмолчилар учун бир қатор қулайликларга эга эканлиги билан аҳамиятлидир.
“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали матбуот хизмати