Бугун ҳар қайси жамиятнинг ривожига, иқтисодига, тинчлигига раҳна солаётган қанчадан-канча бегуноҳ кимсаларнинг қонлари тўкилишига сабаб бўлаётган ҳамда барча мамлакатларни бирдек ташвишлантираётган нарса бу диний ақидапарастлик, диний экстремизм ва терроризм десак адашмаган бўлардик.
У нобакор, бадбахт кимсалар ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида ҳеч қандай хунрезликдан ва аҳоли орасида турли хил фитна чиқаришдан ҳам тап тортишмаяпти. Яна бу нобакор кимсалар ўз мақсадларига эришиш учун ислом динини ниқоб қилиб олгани ва муқаддас динимизга ўзларининг хунрезликлари-ю турли туман фитна-фасодлари билан доғ тушираётганликлари ачинарли ҳол албатта. Зеро, Аллоҳ таоло ўзининг каломи қадимидаги «Фитна қотилликдан ҳам ёмонроқ гуноҳдир» деган кўрсатма нақадар тўғри экани барчага маълум. Ҳозирги вақтда бутун дунёда 500га яқин террор ташкилотлар мавжуд бўлса шуларнинг 80 фоизи ислом ниқоби остида ҳаракат қилмоқда. Уларнинг умумий иддаолари қуйидагича. Экстремистлар одамларни икки тоифадан иборат деб ҳисоблайди. Биринчи тоифа яккахудолар (яъни фақат худога сиғинувчилар) бу тоифага фақат ўзларини киритади.
Иккинчи тоифа ислом душманлари яъни яҳудийлар, насронийлар, уламоларни ёки бирор мансабдор шахсни улуғлаганлар тумор таққан, қабр зиёрат қилган, туғилган кун нишонлаган, замонавий кийим кийган, милодий календардан фойдаланган, иқтисодий ривожланишларни мақтаган замонавий қонунларга бўйсунган ҳамда ғоясига қўшилмаган мусулмонларни ислом душманлари дейишади. Ўзларининг нотўғри ақидаларига қўшилмаган мусулмонларга ёки ҳукуматга қарши қурол билан уруш очиш фарз деб айтишади. Зеро, ислом тинчлик дини бўлиб унинг диний экстремизимга ва диний мутаассибликка ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мутаассибликдан нафрат кенгбағирликдан эса хушхабар юзага келади. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадиси шарифларида «Осонлаштиринг, қийинлаштирманг, хушхабар беринг, нафратлантирманг» деганлар.
Демак ислом мутаассибликни инкор этар экан у террорни тинч аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришни ва бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишни ҳам қоралайди. Ислом шариатида бир одамнинг жонига тажовуз қилиш бутун инсониятнинг ҳаётига қасд қилиш билан баробардир. Шундай экан ислом динини мутаассиблик билан ёки терроризм билан боғлаш янглишишдир. Ислом дини номидан қўпорувчиликлар қилишнинг ислом динига ва қўпорувчилик қилаётган террористларнинг қилаётган қабиҳликлари мусулмончиликка мутлоқа мос келмайди, десак янглишмаган бўламиз. Улар ўзларини мусулмон ҳисобласаларда уларнинг исломга ҳеч қандай алоқалари йўқ, чунки улар исломнинг энг асосий қоидасини бузмоқдалар. Биринчидан, улар исломнинг асосий ғояси тинчликни бузишмоқда ва бу орқали гўёки ўзларини ислом динига ундаётган қилиб кўрсатсаларда уларнинг бу хатти-ҳаракати ислом таълимоти асосларига тескаридир.
Ислом сўзининг луғавий маъноси тинчликдир. Мусулмонлар ўзаро бу сўз орқали саломлашадилар. Иккинчидан, ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадиси шарифларида «Аллоҳнинг наздида дунёнинг йўқ бўлиб кетиши бир мусулмон кишининг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир» деганлар. Ислом адоват ва ҳужумни биринчи бошламайди. Зарурат бўлмаган ҳолатда ўзини хатарга қўйгандан кўра муаммони тинч йўл билан ҳал қилишни афзал билади. Ислом диничалик экстремизм, терроризм ҳаддан ошиш ва исрофга қарши чиқадиган дин йўқ. Шак- шубҳа йўқки ислом шариати ҳукмларига кўра бирор инсонни ноҳақ ўлдириш, унинг молига, жонига, обрўсига, шаънига тажовуз қилиш мумкин эмас. Ислом зиммамизга юклайдиган вазифа мусулмонларнинг бирдамлигини ўзаро ҳамдард ва якдиллигини ошириш, ораларидаги ихтилофлар, бўлинишлар ва бузғунчиликларга барҳам беришдир. Ўзини мусулмонман деб билган ҳар бир кишига одамларни эзгулик ва аҳиллик, тинчлик ва фаровонликка чақириш, уларни разолат ва қабоҳатдан огоҳ этиш, жаҳолатнинг пайини қирқиш биринчи галдаги мусулмонлик бурчи ва айни дамда энг муҳим бўлган инсонийлик вазифасидир.
Зокирхон ОМОНОВ,
тумандаги «Мухторхон ҳожи» жоме масжиди имом хатиби