Ён қўшни – жон қўшни

Инсон бирор маконда турар экан, у бу маконда бошқа инсонлар билан қўшни туради. Инсоннинг оила аъзоларидан кейин энг кўп мулоқот қиладигани унинг қўшнисидир. Бошқаларга муносабати унинг қўшнисига муносабати билан шаклланади. Қўшни туришлик инсонни бошқа инсонлар билан муомала қилиш заруратини юзага келтиради.
Бир инсон ҳовлисига ўнгдан қирқта, чапдан қирқта, олддан қирқта, орқа тарафдан қирқ ҳовли қўшни бўлади. Дунёда яшаган ҳар бир инсон биладики, инсонга қўшнидек асқотадиган бирор бошқа кимса йўқ. Шу сабабли ота-боболаримиз: “ Ён қўшни –жон қўшни” ёки “ Уй олма, қўшни ол”, деб бекорга айтишмайди. Агар ҳаётда инсоннинг учта бахти бўладиган бўлса, улардан бири яхши қўшнидир. Тумандаги «Исломобод» маҳалласида яшовчи Я.Д (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳамда Ю.К (исм-фамилияси ўзгартирилган)лар қўшни туришади. Я.Д билан Ю.К ўртасида томорқа масаласида низо бўлиб келган. Фуқаро Я.Д томорқаларининг чегара ҳудудини белгилаш учун тол дарахти қаламчаларини йўлнинг четига ўтказган вақтида қўшниси Ю.К белкурак кўтариб келиб эккан кўчатларини суғура бошлайди. Чегарани белгилаш учун экаётганлигини айтишига қарамасдан экилган толларни суғуришда давом этади. Я.Д қўшниси Ю.К нинг олдига борганида қўлини тирнаб ташлаганлиги,бундан жаҳли чиқиб қўшниси Ю.К нинг юзига икки шапалоқ уриб, итариб юборган. Ю.К шу куни туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Ҳозирги кунда икки фуқаро бир-бирига ғанимига қарагандек қарайди. Бир-биримиз билан ҳар бир кунимизни ғанимат билиб, самимий муомалада бўлаолганимизда дилхираликларга учрамас эдик. Фуқаро Я.Д. га Жиноят кодексининг тегишли банди билан жазо тайинланди. Бироқ икки қўшни ўртасидаги муносабат қандай давом этади.
Инсонлар ўртасида дўстлик, меҳр-муҳаббат ва яхшиликларни жорий қилишда яхши қўшничиликнинг ўрни жуда муҳимдир. Яхши қўшничилик алоқалари туфайли жамият кишилари ўртасида меҳр-оқибатли, ҳар хил кунларда инсонларнинг бир-бирлари билан ҳамдард бўлишлари, яхшиликда ҳамкорлик қилишлари каби инсоний фазилатлар мустаҳкамланади. Бу эса ҳар бир жамият учун хотиржамлик, тинчлик бахш этадиган омиллардан ҳисобланади.
Ш. Акрамов,
туман прокурори,
Т. Тожиев,
жиноят ишлари бўйича туман суди девонхона мудири