Жорий йилнинг март ойида коронавирус инфекцияси бўйича хавфли эпидемиологик вазият Республикамизнинг қатор вилоятларида, жумладан, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кунига 115-130 нафардан коронавирусга чалинган беморлар ҳисобга олинди.
Аҳоли орасида ўтган йилнинг декабрь ойи охиридан бошлаб фуқароларимизда карантин режимига риоя қилишда: оддий ниқоб режимига амал қилмаслик, айниқса, аҳоли гавжум жойларда, оммавий тадбирларни ўтказишда, жамоат транспортида, бозорлар ва савдо нуқталарида, ўқув муассасаларида, мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасаларида коронавирусдан ҳимоя қилинишнинг қоида ва тартибларини бузиш, лоқайдлик қайд этилди.
Аҳолига оммавий ахборот воситаларида, хонадонларда, жамоат жойларида, тушунтирилишига қарамасдан коронавирус йўқотилди, энди касалланиш учрамайди деган фикрда бўлишди. Вирус циркуляцияси ташқи муҳитда одамлар орасида мавжуд бўлиб ҳаво-томчи йўли билан кўплаб кишиларни зарарлаб келмоқда.
Барча юқумли касалликларга қарши кураш ва унинг тарқалишининг олдини олишнинг энг самарали усули бу хавфсиз эмлаш тадбирлари ҳисобланиб, касаллик кенг тарқалишининг олдини олади.
Коронавирусга қарши оммавий эмлаш кунларини ўтказиш бўйича тадбирлар туман тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган штаб орқали мувофиқлаштирилиб борилмоқда. Туман аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш жорий йилнинг апрель ойи биринчи 10 кунлигида белгиланган.
Эмлаш тадбирлари фуқароларнинг яшаш жойларидаги оилавий поликлиника, оилавий шифокор пунктларида амалга оширилади. Эмлаш пунктлари 28 та бўлиб, уларнинг барчасида таъмирлаш ишлари ўтказилиб, тайёр ҳолатга келтирилган. Эмланувчилар учун шароит яратилган, эмланувчилар рўйхати тузилиб эмланадиган куни, вақти белгиланган. Эмланувчиларни участка патронаж ҳамшираси томонидан хабардор этиб, эмланадиган куни чақирилади.
Ж.С.С.Т нинг кўрсатмасига асосан аҳолини ёппасига эмлаш кўзда тутилмаган бўлиб, биринчи навбатда хавфли гуруҳга кирувчилар: 65 ёшдан юқорилар, 18-65 ёшдагилар орасида сурункали касалликлари борлар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, МТТ ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини эмлаш режалаштирилган. Туманда жами 20691 нафар аҳоли эмланади. Эмлаш ишлари 2 босқичда ўтказилиб, иккинчи тури 21 кундан кейин амалга оширилади.
Эмлашга махсус тайёргарликдан ўтган 108 нафар ўрта тиббиёт ходими, 66 нафар шифокор жалб қилинган. Эмлаш кўригига қадар эмлашга монелик қилувчи ҳолатлар, вакцинага сезгирлиги юқори оғир аллергик реакциялари бўлганлар, ўткир юқумли ва юқумсиз касаллик билан касалланганлар, ҳомиладор ва эмизувчи аёллар, 18 ёшгача бўлган болалар, ОИВ инфекциясига чалинганлар, қон ва унинг компонентлари, қон плазмаси ва охирги 1 ойда эмланганларни аниқлаб, рўйхатини шакллантириб, соғломлаштириш режасини тузади. Ҳар бир шахсга индивидуаль эмлаш режаси тузилади.
Эмланувчилар шуни унутмаслиги зарурки, эмлашдан олдин, албатта, врач кўригидан ўтиб амбулатор тиббий картасига врач хулосаси ёзилиб рухсат берилгандан кейин эмланади ва ярим соат эмлаш пунктида кузатувда бўлади. Ундан кейин 2 кун давомида хонадонида участка патронаж ҳамшираси томонидан эмлашдан кейинги юз бериши мумкин бўлган нохуш реакцияларни аниқлаб рўйхатини тузади ва тиббий ёрдам кўрсатади.
Коронавирусга қарши эмлаш бўйича оммавий ахборот ва интернет тармоқларида тарқалаётган асосланмаган маълумотларга ишонмасликка чақираман. Аҳолимиз асосан Ҳиндистон, Россия, Хитой ва Ўзбекистон давлатлари биргаликда ишлаб чиқилган, клиник синовлардан ўтган вакциналар билан эмланади.
Э. ХУРРАМОВ,
туман СЭО ва ЖС Эпидемиология бўлими мудири