Бу йил юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг шонли 30 йиллигини нишонлайди. Биз учун қадрли ва унутилмас бўлган байрамни муносиб кутиб олиш эзгу ишларга бошламоқда. Газетамиз саҳифасида туманимизда меҳнат қилиб, улкан ютуқларга эришган инсонларнинг фаолияти, қўлга киритган натижалари ҳақида мақолаларни нашр этмоқчимиз.
Шулар қаторида Болалар-ўсмирлар спорт мактаби бош услубчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган устоз мураббий Зокирхон Шомировнинг ҳаётига мазмун бағишлаган қизиқарли спорт соҳасида эришган натижалари билан газетамиз обуначиларини қувонтирмоқчимиз.
Инсонлар ноёб истеъдоди борлиги, ўзининг ички қобилиятини ривожлантириб, ҳаётида қўллаб ютуқларга эришганлиги билан кўпчиликка ёқади. З. Шомиров жисмоний тарбия ва спортга меҳр қўйиб, 37 йилдирки туманимиздаги Болалар-ўсмирлар спорт мактабида устоз мураббий сифатида меҳнат қилмоқда. Спортга қизиқиши уни 1984 йилда бу даргоҳга бошлаб келди. Ўша пайтда эски тузим палласида узоқ шаҳар ва қишлоқларда спортга қизиқувчилар учун яхши шароитлар яратилмаганди. Шунинг учун самбо кураши мураббийси мослаштирилган зал, эскирган кураш гиламларида шуғулланарди. Ёшларга самбо усулларини ўргатиб, мусобақаларда қатнаштирарди. Улар фахрли ўринлардан жой олганида устоз сифатида жуда хурсанд бўлди.
1989 йил 5 майдан бошлаб 2016 йилгача ўзи ишлаб келаётган Болалар-ўсмирлар спорт мактабида директор бўлиб ишлади. Унинг зиммасида масъулиятли вазифалари кўпайди. Юртимиз мустақил давлат бўлгач жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳам туб бурилиш юз берди. Иқтисодий ислоҳотлар ўтказилиб, ёш спортчиларни камолга етказишга эътибор ошди. З. Шомиров янги спорт турларини ривожлантириш учун тўгараклар очди. Спорт иншоотларининг таъмирланиши, янги бунёдкорлик ишлари бажарилишидан қувониб ишлади. Туманимиз спортчиларининг янгидан-янги мусобақаларда қатнашиб ғолиб бўлишига шарт-шароитлар яратилди. Болалар спорт мажмуаси қурилиб, спорт анжомлари билан таъминланди. Спортчиларга Ёзги олимпия ўйинлари дастуридаги спорт турлари билан шуғулланиб, маҳорати ошишига кенг имконият яратилди. I тип болалар стадиони бунёд этилиб, болалар спорти ривожланирилди. 2011 йилда Алпомиш ўйингоҳи қайта таъмирланди. 5500 нафар томошабин ўтирадиган жойларга янги жиҳозлар ўрнатилди. Туманимизда республика миқёсидаги спорт мусобақасини ўтказиш камдан-кам учрайди. Болалар спорт мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилгач йирик мусобақаларни қабул қилиб, ўтказиш имконини берди. 2006 йилда яккама-якка кураш усулидан бири таэквандо ВТФ бўйича Республика чемпионати ўтказилди. Мураббий Эркин Йўлдошев ташаббуси билан жет кундо спорт тури усулларини ўргатиш янгидан бошланди. 2010, 2011 йилларда икки марта жет-кундо бўйича Республика чемпионати бўлиб ўтди.
З. Шомиров тажрибали устозлиги билан кенг миқёсда танилди. Бунга сабаб унинг мураббийлигида камолга етган спортчиларнинг республика, Осиё, жаҳон чемпионатларида юқори ўринларни эгаллаётганлигида деб билишди. Самбо усулини яхши ўрганаётган спортчилар кураш мусобақасида ҳам кучлилигини кўрсатмоқда. Шуҳрат Муродов кураш бўйича жаҳон чемпиони, Лондонда бўлган Ислом Каримов турнири ғолиби даражасига етди. Ғофур Мухторов кураш бўйича Осиё чемпиони, Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган халқаро турнир совриндори бўлди. Абдулла Холиёров кураш бўйича Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган халқаро турнирда мутлоқ ғолибликка эришди. Туманимизда таэквандо ВТФ спорт турини ривожланиришда Сурхондарё вилояти Таэквандо ВТФ федерацияси бошлиғи Абдужаббор Ботировнинг ҳиссаси беқиёс. У ёшларга бу спорт тури усулларини ўргатиб, мусобақаларда қатнаштирди. Шогирдлари республика ва халқаро турнирларда фахрли ўринларни қўлга киритди. Коллеж ўқувчиси Дилноза Ғаниева Корея Опен турнири ғолиби, ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Ёшларнинг натижаларидан ортда қолмайдиган кекса полвонлар кураш бўйича жаҳон чемпионатида олтин ва кумуш медалларни қўлга киритиб, мухлисларни хурсанд қилди. Туманимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожланиришга катта ҳисса қўшган З. Шомиров 1913 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган устоз мураббий” унвони билан мукофотланди.
У ҳозир кексалик нафақасида бўлса-да самбо мураббийси сифатида ишлаяпти. Спортга қизиқувчи ёшларга Болалар спорт мажмуаси, Қумқўрғон агросаноат техникуми, 4, 17, 24, 32, 62-сонли умумий ўрта таълим мактабларидаги спорт залларида дзю-до, самбо, кураш усулларини ўргатишда устозлик қилмоқда. Ҳар ҳафта болалар-ўсмирлар спорт мактаби биринчилигини ўтказиш анъанага айланди. Ўз навбатида туман, вилоят, республика мусобақаларида ҳам муносиб ютуқларга сазовор бўлмоқда. Шу спорт мактабида камолга етган Ҳикматулла Тўраев Япония давлатининг Токио шаҳрида ўтказиладиган Ёзги олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берадиган йўлланмани қўлга киритди. У Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси бўлиб, тўрт йилликнинг йирик мусобақасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Туманимиз спортчилари кучли мураббийлардан спорт усулларини пухта ўрганаётганлиги учун Республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларга жалб этилаяпти. Улар Индонезия, Туркия, Россия, Қозоғистон, Хитой-Тайпеи, Саудия Арабистони, Грузия, Япония каби давлатларга бориб Гран-При, Осиё биринчиликларида ғолиб бўлаяпти. Жумладан, Ж. Худойназаров таэквандо ВТФ бўйича Осий чемпионатида фахрли биринчи ўринга муносиб натижани кўрсатди. Р. Ғаффоров кикбоксинг, С. Хуррамов, С. Нормуродов, А. Муртозоев, Р. Жўраев, Н. Шодмонов, Д. Мамараимова ушу спорт тури бўйича республика чемпиони бўлди. Албатта, бу ютуқлар спорт мухлисларини қувонтиради. Спортчиларни янги ютуқларга бошлашда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Н. МУҲАММАДИЕВ