Кўпчилик яхши хабардор: Хитойнинг Ухан шаҳридан бошланган коронавирус инфекцияси (СОVID-19) янги давру замонларнинг чинакам кулфати сифатида орадан кўп ўтмаёқ дунё мамлакатларида ҳам, она Ватанимизда ҳам ўз акс садосини берди.
Акс садо, деган ибора балки бу ўринда мазкур пандемиянинг бор маҳобатию оқибатини ўзида мужассам этолмас, бироқ ахборот каналларию ижтимоий тармоқлар, турли информацион сайтларнинг туну кун тинимсиз бериб борган шарҳ ва муносабатлари, дарҳақиқат, ҳам ҳайратланарли, ҳам хавотирли бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.
Айни пайтда Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалардан келиб чиқиб, маҳаллаларда, савдо масканларида, барча ташкилот ва идораларда карантин чораларига қатъий риоя, тавсияларга амал қилинмоқда. Эшиттиришларда шифокорлар касалликни юқтирмаслик учун нималарга аҳамият қаратиш зарурлигини уқтириб боришяпти. Қисқача айтганда, мамлакатимизда коронавирус хавфини бартараф этиш бўйича барча чора-тадбирлар кўриляпти.
Аслида бу ҳам халқимизнинг бошига тушган бир синов. Кимнинг қандайлиги, ҳаётга муносабати, билим-савияси, иймон-эътиқоди шундай кунларда билинади. Қарангки, меҳр-оқибатли, саховатпеша халқимиз вакиллари — тадбиркорларимиз, депутатларимиз қўлларидан келганича ушбу офат оқибатида юзага келган вазиятда беғараз ёрдам қилишга интилмоқда. Барча вилоят вакиллари Тошкентда ўқиётган юзлаб талабаларни уйларига етиб олишида ҳиммат кўрсатган бўлса, пойтахтлик бир тадбиркор ўзи тиклаган кўп қаватли, катта бир клиникани профилактик мақсадларда фойдаланиш учун шифокорлар ихтиёрига топширди. Ёки бўлмаса, аксарият ҳудудларда тиббиёт ниқоблари бепул тарқатилмоқда. Олис ҳудудларда жойлашган маҳалла аҳолиси учун арзон нархларда ярмаркалар ташкил қилиниб, озиқ – овқат маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилмоқда.
Бундай пайтда, айниқса, шифокорлар учун залвари оғир, масъулияти юксак бўлган давр кечмоқда. Ўз касбига фидойи шифокорларимиз, оқ халатли ҳамшира опа-сингилларимиз “Сиз уйда ўтиринг, сиз учун биз меҳнат қиламиз!” деган шиор билан кеча- ю кундуз ўз хизмат жойларида сергак туришибди. Бугунги кун талаби шундай: ҳозиргиси билан қаноатланиб қолмасдан, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, малакамизни ошириш юзасидан янада кўпроқ, янада яхшироқ ишлашимиз керак, дейишмоқда улар.
Бундай мисолларни эса истаганча келтириш мумкин. Энг муҳими, одамларимиз замон лоқайдлик ва бефарқликни асло кечирмаслигини яхши англаб етмоқдалар! Албатта, буларнинг ҳаммаси таҳсинга лойиқ.
Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган дунё шундай бир паллага кирдики, одамлар уюшмаган, бирлашмаган, муроса йўлини топа олмаган жойда муаммолар, кескинликлар уюшиб, бирлашиб кетмоқда. Афсуски, бугун қатъий тартиб-интизом, меҳр-оқибат ҳамжиҳатлигининг коронавирус пандемиясини мағлуб этиш, кўзланган мақсадга эришиш йўлида тўсиқлар ҳам учрамоқда ва таъбир жоиз бўлса, бундайлар амалга оширилаётган хайрли ишлар пойдеворини нуратмоқда, десак, хато бўлмайди. Оддий айтганда, айни пайтда юзага келган вазиятдан ўз шахсий манфаатлари, ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб қолиш пайида бўлаётганлар ҳам таассуфки, учраб турибди.
”Бепарволикдир- ҳафвли иллат”,- деб бежиз айтмаган. Шу кеча-кундузда онда-сонда бўлса-да, учраб турган юқоридаги сингари иллатларга қарши кўпни кўрган, бошидан не-не иссиқ-совуқ кунларни ўтказган кайвони отахон-онахонларимиз, юрт оғалари бўлган катта-кичик раҳбарлар, халқ вакиллари — депутатлар, кўп сонли зиёлиларимиз, ўзини билган ҳар бир инсон, барча-барча бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда курашмоғимиз, аҳолини шифокорлар тавсияларига риоя қилишга чорламоғимиз зарур. Зотан, кечиккан ишлар ўрнини қоплашга имконият ҳамиша, ҳамма жойда бўлади.
Райҳон
МЕНГЗИЯЕВА