«Ҳоким ва ёшлар» учрашуви доирасида таъминотчи ташкилотлар ярмаркаси ташкил етилди

Қумқўрғон тумани 1-сектор ҳудудига қарашли «Янгиер» маҳалласида ёшлар билан очиқ, самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда туман ҳокими Р. Гаппаров, Ўзбекистон Республикаси Агробанк бошқарув раиси ўринбосари Абдимухтор Эргашев, Халқ қабулхонаси туман бўлими мудири Рустам Тўхтаев, 20 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари, туман тижорат банклари бошлиқлари, туман корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда чорвачилик, иссиқхона, паррандачилик, қуёнчилик ва бошқа йўналишлар бўйича 16 нафар таъминотчилар иштирок этишди.
Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, ташвишга солаётган муаммолари юзасидан мурожаат қилиб, саволларига амалий жавоблар олишди.
Эътиборли томони шундаки, ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган ёшларнинг ортиқча сарсонгарчиликларининг олдини олиш мақсадида таъминотчи корхоналар томонидан ярмарка ташкил этилиб, ёшлар шу ернинг ўзида ҳам тижорат банклари билан, ҳам таъминотчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятига эга бўлишди.
– Мен «Навбаҳор» маҳалласида яшайман, анчадан буён чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида кредит олмоқчи бўлиб юрган эдим,-дейди Ноила Менглибоева. Туман ҳокимига бу борада қилган мурожаатим шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Амалий натижаларга бой бўлган бу каби учрашувлар орқали ёшлар манфаатини таъминлаш билан, эртанги ёруғ кунимизга замин яратилиши, шубҳасиздир.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА