ФИРИБГАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Ҳар ким ўзи танлаган соҳада ўқиши, ўзи хоҳлаган касб-кор билан шуғулланиши, ўзи истагандай яшаши мумкин. Инсон ҳуқуқларининг дахлсизлиги асосий қонунларимизда кафолатлаб қўйилган.
Аммо, баъзан, жамиятда инсондай яшаш учун яратиб берилган шароит ва имкониятларнинг қадрига етмай, кўнглининг бетийиқ майлларига эришиш учун бошқаларнинг ҳуқуқларини поймол қилишдан тап тортмайдиган кимсалар ҳам учрайди.
Бундай тоифадаги шахслар орасида айниқса, фирибгарликни ўзига касб қилиб, худди ёғочга тушган қурт каби жамиятимиз, фуқароларимизни манфаатларига путур етказишга ҳаракат қилишмоқда.
Даврон Алимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Тимур Қаршиевни Термиз темир йўллари АЖ тизимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилади. Хизмат ҳақи эвазига эса 3 млн.сўм беришини талаб қилади. Тимурнинг ишончига кириб, ундан 2 млн. 500 минг сўм пулларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида эса Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, ўтказилган терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида фуқаро Д.Алимов Шеробод туманида яшовчи Жамшид Шодиевга ҳам ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб 1 млн. сўм, худди шу туманда яшовчи Жовли Икромовдан ҳам уни ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, ундан 2 млн. сўм пул маблағларини фирибгарлик йўли билан олганлиги маълум бўлди.
Қонунбузарнинг нафси уни жавобгарлик сари етаклади. Халқимизда эгри кўчадан юрсанг ҳам тўғри юр, деб айтилган пурмаъно ибора бор. Бу ҳуқуқбузар эса тўғри йўлдан ҳам эплаб юролмади.
Суд бу қонунбузарга нисбатан қонуний жазо тайинлади.

Муҳаббат Примқулова,
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси катта инспектори
Бахтиёр Ачилдиев,
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қумқўрғон тумани бўлими инспектори