ОҚ ХАЛАТГА ДОҒ ТУШИРДИ

Исмигул Пардаева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) икки нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи Хуршид Пардаев билан Қумқўрғон туманида хўжалик ишларига мослаштирилган бир хонали уйда ижарада оғир шароитда кун кечириб келишади. Бахтсиз ҳодиса туфайли турмуш ўртоғининг бош миядан жароҳат олиши бу оиланинг шароитини янада оғирлаштирди. Болалар тарбияси, уларнинг кийим-кечаги, еб-ичиши, турмуш ўртоғининг дори-дармони, хуллас, рўзғорнинг ташвишлари Исмигул опани холдан тойдирди. Шу боис у турмуш ўртоғини иккинчи гуруҳ ногиронлик нафақасига чиқариб, даволатиш учун тумандаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилди. Аммо, бу муассасада ҳукм сурган таниш-билишчилик туфайли мақсади амалга ошмади. Қисқаси Исмигул Пардаева тумандаги кўп тармоқли катталар поликлиникасида терапевт-невропатолог бўлиб ишловчи Жаҳонгир Тўраевнинг ёнига бориб ундан ёрдам сўраганида, шифокор Хуршид Пардаевни иккинчи гуруҳ ногиронлик нафақасига чиқариб, тиббий назорат Кенгашига хулоса ёзиб бериши эвазига ундан 1 миллион 500 минг сўм пора талаб қилди. Дастлаб 600 минг сўмини олдиндан олиб, сўнгра 900 минг сўмини ўз хизмат хонасида олаётган вақтида эса тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Шифокор Ж. Тўраевга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди томонидан тегишли жазо тайинланган.
Наҳотки нафс оддий манфаат учун инсон шунчаликка бориши мумкин? Ушбу воқелик бизнингча барчамиз учун оғриқли ва ундан ҳамма бирдек тўғри хулоса қилмоғи лозим.
Абдусалом Хушбақов,
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси катта инспектори
Учқун Маматраимов,
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қумқўрғон тумани бўлими бошлиғи