ТАЪЛИМ ИСЛОҲОТЛАРИ –КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Тумандаги 13-сонли умумтаълим мактабида “Таълим ислоҳотлари – келажак пойдевори” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдураҳим Қурбонов, Термиз давлат университети Жаҳон тарихи кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор, академик Сайфулло Турсунов, Термиз давлат университети Фуқаролик жамияти кафедраси мудири, фалсафа фанлари номзоди, доцент Рустам Норлиев, Термиз давлат университети Фуқаролик жамияти кафедраси катта ўқитувчиси Абсалом Хўжаназаровлар иштирок этдилар.
Юртбошимиз Олий Мажлисга ва халққа қилган Мурожаатномаларида “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим” деб таъкидладилар.
Албатта, ўтган давр мобайнида таълим тизимида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Таълим мазмунини янги сифат босқичига кўтариш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси устоз ва мураббийларни ҳар томонлама рағбатлантириш, улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштириш, тизимда таълим мазмунининг сифат ва самарадорлигини кўтариш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Мурожаатномада Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади деб таъкидлаб, таълим сифатини барча мактабларда кўтариш бўйича жуда катта вазифани белгилаб бердилар.
Жорий йилда мамлакатимизда 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади. Соҳада ягона “электрон таълим” тизимини жорий этишга келгуси 2 йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади.
Бу борада 2021-2022 ўқув йилида бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилади.
Умумтаълим мактабларидаги таълим сифати пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам юқори бўлиши учун чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилмоқда. Бунинг учун таълим сифати паст мактабга бошқа тумандан борган малакали ўқитувчи учун 50% устама, бошқа вилоятдан келганига эса 100% устама бериш кўзда тутилаяпти. Битирувчисининг биронтаси ҳам олий таълим муассасаси (ОТМ)га кирмаган мактабларда узоқ вақт ишлаган раҳбарларни лавозимдан олиш бўйича чоралар бошлангани сабаб, ушбу мактаблар жамоаси ҳаракатга тушиб, бир йил ичида бундай мактаблар сони 3 баробар камайди. Жорий йилда юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.
Мамлакатимизда амалда бўлган таълим сиёсати ўқитувчи ва мураббийлар касбини улуғлаш, уларнинг обрў-эътиборини оширишга қаратилгандир. Буни биз педагог кадрларга бўлган эҳтиёжнинг йилдан-йилга камайиб бориши ва аксинча ўқитувчи лавозимига бўлган рақобатнинг ўсиб боришида кўришимиз мумкин.
Ўрол Холиқов,
тумандаги 13-сонли умумтаълим мактаби директори