Соғлом бола-ёруғ келажагимиз

Фарзанд-оила қувончи, Ватан ва жамият таянчи. Унинг соғлом, илмли, иймонли ва иродали бўлиб улғайиши нафақат ота-она, балки давлатимизнинг ҳам эзгу мақсадларидан биридир. Мамлакатимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ баркамол авлодга юксак эътибор ва беқиёс ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
Фарзандларимизнинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом ва ҳар томонлама салоҳиятли бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан уларнинг оналарига боғлиқ бўлади. Келажакда дунёга келадиган фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан аввал қайғурилади. Жумладан Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт…”(Оли Имрон сураси, 38-оят). Агар биз соғлом фарзандлар туғилишини хоҳласак, қизларимизнинг соғлом ўсишларига, келинларимизнинг соғлом бўлишларига ва айниқса, улар ҳомиладор бўлганларидан сўнг соғлиқларини муҳофаза қилишга катта эътибор беришимиз лозим. Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчлари оила қуришдан аввал, умр йўлдошини танлаш пайтида бошланади. Ҳар бир шахс ўзининг бўлажак фарзанди учун муносиб ота ва она танлаш мажбуриятидадир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уруғларингизга ихтиёрни яхши қилинг. Никоҳингизга тенгни топинг ва уларга никоҳланинг”. (Ибн Можа ривоят қилган). Ҳар бир инсон оила қураётганда фақат ўзининг фойдасини ўйламасдан, бўлажак фарзандини ҳам ўйлаши, унга муносиб ота ёки она танлаши кераклиги келиб чиқади. Эркаклар ҳам оиласини, ҳомиладор аёлини ҳаром-харишдан, порадан, ўғрилик, бировнинг ҳаққини поймол қилишдан тўплаган моллар билан ризқлантирмаслиги, балки доимий равишда ҳалол-пок неъматлардан ризқлантиришга ҳаракат қилмоғи лозим. Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинади: “Бир киши Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг ҳузурларига келиб: -Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида яхшилик қилишимга ким ҳақлироқ?-деб сўради.–Онанг”,-дедилар. –Сўнгра ким?-деди.–Онанг,-деб айтдилар. –Яна ким? –деди. –Онанг,-дедилар. –Яна ким?-деди.-Отанг,-дедилар”. Онанг ҳақи отанинг ҳақига қараганда уч баробар юқори қўйилишининг сабаби-она қиладиган учта иш борки, уларнинг ҳеч бирида ота-онага шериклик қила олмайди. Биринчиси-ҳомиладорлик, иккинчиси-туғиш, учинчиси-эмизиш. Бу машаққатли ишлар ёлғиз она зиммасида бўлгани учун ҳам даражаси уч карра юқори қўйилган. Ота-она фарзандларига ўзи еган овқатини едиради, ўзи кийган кийимларини кийдиради шунинг учун ҳар бир ўғил-қиз ота-онасининг юзларини ёруғ қиладиган фарзандлар бўлиб камолга етиши лозим. Мана шундай ёшлар мустақил Ўзбекистонимизнинг келажаги, ишончи ва давомчиси бўла олади. Аллоҳ таоло азиз дилбанд ёшларимизни ҳусни хулқ ва чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатлантириб, ота-оналарига фахр, кўз қувончи бўлишларини насиб айласин. Зеро, баркамол авлод, ота-она, жамият саодати ва зийнатидир.

Ботир Аминов,
туман “Шоҳ Машраб” жоме масжиди котиби