Қандай ҳолларда никоҳ ҳақиқий эмас деб топилишидан ҳабардормисиз!

Оила кодекснинг 14-16 моддаларида, ҳамда 17- моддасининг учинчи қисмида белгиланган шартлар бузилган тақдирда, шунингдек сохта никоҳ, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадида кўзламай тузган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади.
Ушбу моддада никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш асослари тўла-тўкис келтирилган ва бошқа ҳеч қандай ҳолат никоҳни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўла олмайди. Қонун никоҳ тузиш учун никоҳга кирувчиларнинг ўзаро розилиги бўлишини (Оила кодексининг 14-моддаси), шунингдек, уларнинг қонунда белгиланган никоҳ ёшига (Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланган) тўлган бўлишлари талаб қилинади (Оила кодексининг 15-моддаси). Ўзаро розилик шарти никоҳга кирувчиларнинг ҳар бири томонидан эркин, ихтиёрий равишда берилиши шарт. Розилик ўзга (ота-она, қон-қариндош, мансабдор) шахсларнинг зўрлаши ёки алдаши оқибатида берилган бўлса, никоҳ тузишнинг ихтиёрийлик тамойили бузилгани учун, у ҳақиқий ҳисобланмайди.
Агар никоҳланувчи шахслардан бири ўзида таносил касаллиги ёки одам иммунитети тақчиллиги вируси (ОИТС инфекцияси) борлигини бошқасидан яширган бўлса, алданган шахс никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилиши мумкин. Никоҳланувчилардан бирида бундай касалликнинг борлиги эмас, балки никоҳга ўтишда бу касалликни бошқасидан яширганлиги юридик аҳамиятга эга.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш суд тартибида амалга оширилади. Бундай муносабатлардан келиб чиқмайдиган талабларга нисбатан даъво муддати жорий қилинмайди. Амалдаги қонунлар ҳар бир ишнинг аниқ мазмунига ва бузилган шартга, монелик қилмайдиган ҳолларнинг характерига қараб даъво қилиши мумкин бўлган шахслар доирасини белгилайди.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвони шахсий ёки жамоат манфаати бўлган шахс қилиши мумкин. Бундайлар даврасига никоҳ тузилиши оқибатида ҳуқуқи бузилган эр ёки хотин, никоҳланувчиларнинг ота-оналари, васийлик ва ҳомийлик органи ва прокурор киради. Келтирилган асосларга кўра, ҳақиқий саналмаган ҳар бир никоҳда аниқ ҳолатлар бу тўғрисида даъво қилувчи шахслар доираси белгиланади.
Руҳий касал ёки ақли заиф шахс билан тузилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвони муомалага лаёқатсиз шахснинг ота-онаси, васийлик ва ҳомийлик органи ёки прокурор қилиши мумкин, чунки уларга муомалага лаёқатсиз шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўриқлаш вазифаси юклатилган.
Амалдаги қонунларга асосан, рухий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс билан тузилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар васийлик ва ҳомийлик органининг иштирокида кўрилади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида эр-хотинларнинг ўзлари (ёки уларнинг биттаси), шунингдек, бундай манфаатдор бўлган шахслар бир қатор асосларга кўра (биринчи никохдаги эр-хотиндан биттаси ёки унинг номидан прокурор ва васийлик органи) даъво қилиши мумкин. Бу белги билан никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш никоҳдан ажралишдан фарқ қилади, чунки никоҳдан ажралиш ҳақида иш фақат эр-хотиннинг ёки улардан бирининг ташаббуси билан қўзғатилади. Бундан ташқари, никоҳни ҳақиқий эмас деб топишга эр-хотиннинг тириклик вақтида ҳам (никохдан ажралишдан фарқ қилиб), уларнинг ўлимидан сўнг ҳам (айниқса, агар даъвонинг мақсади мерос ёки пенсия олиш бўлса) йўл қўйилади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суд чиқарган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ўн кун ичида унинг кўчирмаси никоҳ тузилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик холати далолатномаларини қайд этиш органига юборилади. Ҳал қилув қароридан нусха берилаётганда ажралувчиларнинг паспортига ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатига тегишли белги қўйилади. Бу белги мансабдор шахс имзоси ва муҳр билан тасдиқланади.
Фахриддин Маматов,
«Мадад» ННТнинг Қумқўрғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси