Вирусли гепатит А касаллигидан фарзандларимизни асрайлик!

Вирусли гепатит А – ўткир юқумли, фақат инсонларда учрайдиган, кўзга кўринмайдиган вируслар келтириб чиқарадиган, аҳоли орасида сариқ касаллиги деб юритиладиган, жигар фаолиятининг бузилиши ва организмда умумий заҳарланиш аъломатлари билан кечадиган касалликдир.
Вируснинг юқори ҳарорат, кислоталар, эфирлар, дезинфекцияловчи воситаларга чидамлилиги унинг ташқи муҳитда узоқ муддат сақланиб колишини таъминлаб, айниқса, паст ҳароратда вирус бир неча ой, ҳатто йиллаб сақланиши бу касаллик қайд қилинишининг давомийлигини таъминлайди.
Вирусли гепатит А касаллигининг асосий манбаи сифатида бемор (асосан сариқлик олди давридаги, ҳамда А гепатитнинг симптомсиз шакли билан оғриган) одам ҳисобланади. Вируслар бемор организмидан асосан унинг нажаси, пешоби орқали ташқи муҳитга тушади.
Касаллик вируси одам организмига оғиз орқали – қайнатилмаган сув ичиш, мева-сабзавотларларни оқар сувда ювмасдан истеъмол қилганда ва овқатланишдан олдин шахсий гигиена қоидаларига (қўллар ювилмаганда) риоя этилмаганда ҳамда ушбу касалликка чалинган бемор фойдаланган идиш-товоқлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечак ва ўйинчоқлардан умумий фойдаланилганда юқиши мумкин. Касалликнинг вақтида аниқланмаслиги ва дори-воситаларидан ўринсиз фойдаланиш жигар фаолиятининг бузилишлари билан кечадиган оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Шунинг учун, вирусли гепатит-А касаллигини даволаш фақат шифокор тавсиясига кўра шифохона шароитида ўтказилиши керак.
Касаллик аксарият ҳолатларда қуйидаги белгилар билан намоён бўлади:
• Ҳолсизланиш, иситма, шамоллаш белгилари.
• Иштаҳа йўқлиги, қоринда оғриқ бўлиши.
• Кўнгил айниши, қайт қилиш.
• Кўзнинг шиллиқ қавати, бадан териси ва сийдик рангининг сарғайиши, ахлати суюқлашиб оқариши.
Шу билан бирга гепатит – А касаллигига чалинган болаларда узоқ муддат жисмоний ҳаракатдан -чекланиш, парҳезга риоя қилиш, жигар фаолиятини қайта тиклаш учун кўплаб дори воситаларини қабул қилиш, умуман бемор тўлиқ тузалмас экан, унга алоҳида эътибор ҳамда парвариш талаб этилади. Натижада оила аъзолари бундан моддий ва маънавий зарар кўради, ота-она фарзандининг хасталигини кўриб туриб ҳар сонияда азият чекади.
Фарзандларингизда ёки ўзингизда сариқ касаллигининг ушбу белгилар кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат этинг!
Эсда тутинг! Тоза қўллар – саломатлик гаровидир.
Юқумли сариқ касаллигини олдини олишда энг самарали ҳимоя воситаси бу касалликка қарши вакцина билан эмлашдир.
Эмлаш ишлари туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси эмлаш хонасида амалга оширилади ва бу билан боғлиқ маълумотларни туман санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими, жойлардаги оилавий поликлиника, оилавий шифокорлик пунктларидан олиш мумкин. Мактабгача тарбия муассасаларига ва 1 синфга қабул қилинаётган болалар гепатит “А” касаллигига қарши албатта эмланиши зарур.
Бугунги кунда дунёнинг айрим давлатларида вирусли гепатит А касаллигидан ҳимояловчи самарали вакциналар ишлаб чиқилиб, оммавий эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Вирусли гепатит А касаллигига қарши эмлаш 94-98 % ҳолатларда вирусли гепатит А касаллигининг олдини олади ва ушбу вакцина ишлатилганда эмлашдан кейинги асоратлар кузатилмайди.
Ҳозирги вақтда, вирусли гепатит А касаллигига қарши эмлаш ишлари кенг тарзда олиб борилмоқда. Вирусли гепатит А касаллигига қарши эмлаш мақсадида, Хитой давлатида ишлаб чиқарилган «МЕВАК-А» вакцинаси қўлланилмокда. Жаҳон соғлиқии сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра ушбу вакцинанинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатловчи сертификатлари мавжуд.
Вирусли гепатит А касаллигига қарши эмлашга асосан 18 ойликдан – 14 ёшгача бўлган вирусли гепатит А касаллиги билан оғримаган болалар эмланиши аҳамияти юқори.
Ҳурматли ота-оналар унутманг! Фарзандларингизнинг вирусли гепатит А касаллигига чалинмасдан ва келажакда соғлом инсон бўлиб улғайишининг асосий ва ягона усули бу вирусли гепатит А касаллигига қарши профилактик эмлаш ҳисобланади.
Касаллик юқмаслиги учун:
• Болаларни ёшлигидан шахсий гигиена қоидаларига риоя этишга ўргатиш, яъни:
• Қўлларни совунлаб ювишга одатланиш;
• мева-сабзавотларни ювиб истеъмол қилиш;
• болаларда бармоқлар, ўйинчоқлар ва бошқа турли буюмларни оғизга солиш, қўлларни сўриш, тирноқларни тишлаш каби одатлар шаклланишига йўл қўймаслик;
• сувни қайнатилган ҳолда ичиш;
шунингдек:
Хонадонларни тоза озода тутиш, доимий тозалик озодалик ишлари ўтказиб бориш;
хонадонларда ошхоналарни саранжом саришта тутиш, тозаликка риоя қилиш;
хонадонларда ҳожатхоналарнинг эшикларини доимий ёпиқ ҳолда тутиш, тез-тез зарарсизлантирувчи хлорли воситалар ёрдамида мунтазам дезинфекция қилиб туриш, уй пашшасининг кўпайишига йўл қўймаслик, унга қарши курашиш;
кундалик турмушда юқорида айтиб ўтилган тавсияларга амал қилиш орқали ҳар биримиз юқумли сариқ (гепатит-А) касаллиги ва унинг оғир асоратларининг олдини олган бўламиз.

Э. Алимназаров,
туман СЭО ва ЖС бўлими врач эпидемиологи
Д. Қабилова,
эпидемиолог врач ёрдамчиси