Агар сизни ҳаёт синаса,
Орзу, дард билан сийласа.
Қалбингизни гумон қийнаса,
Сабр қилинг, бари ўтади.
Сабр – инсонга берилган энг катта неъматлардан бири десак, муболаға қилмаган бўламиз. Иймон икки ёрти: сабр ва шукрдан иборат. Сабр билан инсон ҳар қандай қийинчилик ва мусибатларни ортда қолдириб, рўшноликка чиқади. Ҳаётда ҳамма нарсада ва ҳамма нарса учун сабр керак. Сабр бўлмаса, ҳатто гўдак бола ҳам катта бўлолмасди. Сабр бўлмаса киши илм ва ҳунар ҳам ўрганa олмайди. Зеро, илм-ҳунар ўрганиш учун ҳам сабр лозим. Сабр бўлмаса, олим китоб ёзолмаган, қурувчи бино қуролмаган, табиб касални даволай олмаган бўларди.
Сабр”сиз қийинчиликларни енгиш, мусибатларга бардош бериш ҳамда узоқ мақсадлар сари интилиш амри маҳол иш бўларди. Хуллас, сабрсиз дунёда ҳеч қандай муваффақиятга эришиб бўлмайди. Сабр муваффақият калитидир. Саҳифамизнинг бугунги қаҳрамони тумандаги “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи Али Абдураимовдир. Али ака бахтсиз ҳодиса сабабли навқирон йигитлик чоғида бир қўлидан айрилди. Аммо, азобли, оғриқли кунлар қаҳрамонимизни ўз измига тортмади. Ҳаётининг ёруғ кунлари учун доим олдинга қараб интилди. Бир қўлда бўлса ҳам меҳнат қилиб, оиласини, шириндан шакар икки нафар фарзандини ҳалол ризқ билан тарбиялади. Гоҳида ўйлаб қоламан. Нима учун соғ-саломат юрганимизга кўпчилигимиз шукрона билдирмаймиз. Бошимизга озгина кулфат тушса нолишни бошлаймиз. Тўрт муччаси саломат бўлган кўпчилик оила бошлиқлари кимдандир машаққатсиз ёрдам кутиб яшашмоқда. Иродаси мустаҳкам, ҳаёт қийинчиликларини метин қалби билан енган Али ака пешона тери билан ҳалол меҳнат қилиб пул топмоқда. “Навбаҳор” маҳалласида фаолият кўрсатаётган автомобилларни ювиш шаҳобчасида ишлаб, оила тебратаяпди.
Мен айтмоқчи бўлган нарса шуки, сабр қилишимиз лозим. Чунки, биз сабр қиладиган замонда яшаяпмиз. Агар сабр қилмасак, муваффақиятга эриша олмаймиз. Сабр ва бу синовлар муваффақият ва ғалабанинг асосидир. Бу яхшилик сари йўналган йўлимизнинг бошланиш қисмидир. Мен бу гапларни орзу маъносида эмас, балки яхши ниятда сўзлаяпман.
Сабрсиз ҳеч бир муаммони ҳал қилиб бўлмайди.
Дарҳақиқат, ҳиммат ва мақсад улуғ бўлиши лозим. Мақсад қанча катта бўлса, шунча юқори даражага эришиш мумкин.
Ҳаёт синар барча инсонни,
Енгармикан дея ёлғонни.
Унутмайлик шукроналикни,
Сабр қилинг, бари ўтади.
М. Райҳон