Баҳорий дастурхондаги беш неъмат билан танишамиз…

Баҳорда кўпчилик танасида қувват камайганини ҳис қилади. Ана шундай пайтда барчамиз витамин ва микроэлементларга эҳтиёж сезамиз. Бироқ бу пайтда барча сабзавот ва меваларда ҳам витаминлар етарли бўлавермайди.
Ўзимизни соғлом ҳис қилишимиз учун нималарга эътибор қаратишимиз лозим?
Шифокорлар бунда, аввало, таомномамизга алоҳида ёндошишни тавсия қиладилар. Жумладан, қуйидаги беш неъмат кундалик таомномамиздан жой олиши мақсадга мувофиқдир.
КЎКАТЛАР
Авитаминозга қарши курашда кўкатларга тенг келадигани топилмайди. Барча кўкатлар — кўкпиёз, укроп, кашнични ҳар куни ҳар бир таомга қўшиб истеъмол қилиш танамизнинг тезда қувват тўплашига ёрдам беради. Темир сўрилишини таъминлашда ҳам кўкатларнинг ҳиссаси ниҳоятда катта.
КАРАМ
Баҳорда айниқса, инсон танасидаги С витамини камайиб кетади. Бу камчиликни бартараф қилишда бизга карам ёрдамга келади.
Карамнинг шунингдек, А ва В гуруҳига кирувчи витаминларга бойлиги исботланган. Карам истеъмол қилиш ошқозон-ичак фаолиятини яхшилашда ёрдам беради.
ҚАТИҚ
Биз болалигимиздан севиб истеъмол қилувчи ушбу ичимлик танамизни кальций ва фосфор билан таъминловчи ажойиб воситачидир. Кальций ва фосфор эса бош мия фаолиятини бошқаришда фаол иштирок этиб, асаб тизимига ижобий таъсир қилади ва танамиздаги моддалар алмашинувининг яхшиланишини таъминлайди. У таркибидаги оқсил, микроэлемент, витамин ва бошқа фойдали микроорзанизмлар туфайли инсонга қувват бағишлайди.
ЛИМОН
Лимон таркибидаги фойдали элементлар узоқ вақтгача сақланиб қолиши билан ўзига хос саналади. Лимон С дармондорисига бой. Шунингдек, унинг таркиби В, А, Е, РР дармондорилари, калий, кальций, фосфор, магний, натрий каби микронутриентларга бой саналади. Танадаги токсин ва радикалларни ҳайдашда лимоннинг кўмаги катта. У, айниқса, оқсил, углевод ва ёғ алмашинувини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Лимон шарбати ўз қоматини тартибга келтириш истагидагилар учун ажойиб кўмакчидир.
РЕДИСКА
Редиска баҳорда етиладиган биринчи сабзавот. Шунинг учун ҳам у фойдали элементларга бой ҳисобланади. Таркиби темир, магний, калий, кальций, фосфор, С, РР, В ва К витаминларига бойлиги туфайли инсон танасига қувват бағишлади. Қолаверса, қон таркибидаги холестериннинг меъёрида бўлишида редисканинг ўрни катталиги шифокорлар томонидан исботланган.