Наврўз Шарқ мамлакатларида яшовчи халқларнинг қадимий, анъанавий байрами. Наврўз сўзи форс тилидан олинган бўлиб, янги кун деган маънони англатади. Баҳорги тенг кунликка (21 ёки 22 март), яъни қуёшнинг Ҳамал буржига киришига тўғри келади. Наврўз деҳқончилик ишларини бошлаш байрами ҳам ҳисобланади. Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилади. Янги унган кўкатлардан тансиқ таомлар пиширилади. Баъзи экинларни экиш бошланади.
Дастлаб, Наврўз байрамини ўтказиш ўтроқ деҳқонларга расм бўлган, кейинчалик улар орқали ярим ўтроқ ва кўчманчи туркий халқларнинг ҳам урф-одатларига айланган.
Тарихий манбаларга кўра Наврўзни байрам қилиш аҳамонийлар давридан бошланган ва Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон халқларида энг катта байрамлардан бири ҳисобланган. Ўрта Осиё ва Эрон халқлари Араб халифалиги ҳукмронлигидан қутулган давр (IX-X асрдан) бошлаб, Наврўз байрамини ўтказиш яна расмий тус олган.
Қадимги паҳлавий китоблардаги маълумотларга асосланиб, Абулқосим Фирдавсий ўзининг “Шоҳнома” асарида Наврўз байрамининг пайдо бўлишини афсонавий шоҳ Жамшид номи билан боғлайди. Наврўз байрами ҳақидаги маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” ва бошқа асарларида, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома” асарида учрайди. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғатит-турк” асарларида Наврўзга бағишланган халқ қўшиқлари келтирилган. Ўрта Осиёлик тарихчи олим Абу Бакр ал-Наршахий (899-959) ўзининг “Бухоро тарихи ” асарида Наврўз куни Сиёвуш қабри бошида хўроз сўйишларини ва бунга уч минг йилдан ортиқроқ вақт ўтганини ёзган. Ўрта Осиё ҳудудида наврўз байрами нишонланганлиги тўғрисида бошқа манбаларда ҳам маълумотлар бор.