Туманимиздаги 9-сонли умумтаълим мактаби намунали ўқув муассасаси сифатида диллардан жой олган. Чунки маъмурият ва педагоглар, ходимлар ёш авлоднинг муносиб камолга етиши учун ўқув жараёнларида, маънавий-маърифий тадбирларда, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаоллик намуналарини кўрсатаяпти.
Таълим муассасасида 93 нафар педагог ёш авлодга таълим-тарбия ўргатаяпти. Ўқувчиларнинг билимли, тарбияли бўлиб улғайишида устозлик қилмоқда. Фан тўгараклари ташкил этилиб, ўқувчиларнинг билимлари ва қобилиятлари ривожлантирилаяпти. Ноанъанавий педагогик технологиялари дарслар ва тадбирлар ишланмаларининг асоси бўлиб ўқувчиларда самарадорликни ошираяпти. Фаол ишлаётган устозлардан З. Ҳайдарова, С. Сувонов, М. Норқулова, З. Ботирова, Х. Рахмонқулова, Қ. Мамасолиева директор ва ўринбосарларнинг ҳурмат-эҳтиромига муносиб деб топилмоқда.
Бундан ташқари, “Навоийхонлик” кечаси, “Бобурхонлик” кечаси, 1 март куни шоира ва ташкилотчи Зулфия Исроилова таваллудининг 106 йиллик юбилейи тадбирлари қизиқарли ва мазмунли тарзда ўтказилди. Дилларга эзгулик бағишлади. Ўқувчилардан Ч. Абдуалимова, Л. Холмирзаев, М. Менгзиёева, Д. Хусанов, Ж. Бўриев таълим-тарбия жараёнлари ва жамоат ишларида фаол қатнашиб устозларининг назарига тушди.
Педагоглар баҳор фасли келганидан қувониб мактаб ҳовлисида “Ёшлар боғи” ташкил қилмоқда. Ерга ишлов бериб, мевали ва манзарали кўчатларни экишаяпти. Эзгу ният билан қилинган меҳнат, албатта, ўзининг ижобий натижасини беради. Улуғ сўз устаси “Умид билан экилган кўчат бир кун берар мева-ю япроқ” деб айтганидек педагоглар ва ўқувчиларга янги режа ва мақсадлари яхшилик олиб келади.
Фурсатдан фойдаланиб 9-сонли умумтаълим мактаби жамоаси туманимиздаги барча мактаблар, ташкилотлар ва корхоналарда меҳнат қилаётган, аҳоли орасида намуна кўрсатаётган аёлларни, опа-сингилларни 8 март – Хотин-қизлар байрами, ҳамма тумандошларни 21 март – Наврўз умумхалқ байрами ва баҳор аёми билан самимий табриклайди.
Фахриддин МЕНГНАРОВ,
тумандаги 9-сонли умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари