Шарқнинг беқиёс вафо ва садоқатда тенгсиз ўзбек аёли, халқимизнинг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним Исроилова 1915-йил 1-мартда Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида ҳунарманд оиласида туғилган. Оддий инсон қалбини ўткир ҳис қила оладиган, сўз санъаткори, ҳаётни куйлаган шоира эди.
Шоира оддий оилада дунёга келганлигига қарамасдан, унинг ота-онаси юқори маданиятли одамлар бўлишган. Шоира онасини хотирлар экан, унинг “сўз”га бўлган меҳрини оддийгина аёл, онаси уйғотганлигини бот-бот эсга олади. Табиийки, ота-онаси фарзандлари ўқимишли, маданиятли инсонлар бўлишини истаганлар. Уларнинг орзусини рўёбга чиқарган Зулфия ўрта мактабни ва аёллар педагогика билим юртини тамомлаб, республика газета ва ойномалар нашриётида иш фаолиятини бошлади. Шеъриятга қизиқиб қолди ва шеърлар ёза бошлади. Унинг илк шеърлари ўша пайтдаги газеталарда чоп этилди. 1932-йил 17 ёшни қарши олганида, унинг “Ҳаёт саҳифалари” номли илк шеърий тўплами омма юзини кўрди. Бу – ёшлар, дўстлик, инсон қалбининг гўзаллиги ҳақидаги шеърлар эди.
Зулфияхоним шеърлари, достонлари ва ҳикоялари эътироф қилиниб, турли нашрларда алоҳида китоблар кўринишида чоп этилди. 1938-йилдан шоира турли йирик нашриётларда ишлади, республика ва республикалараро ҳар хил ташкилотлар аъзосига айланади. Машаққатли уруш йилларида ҳам Зулфиянинг ижоди тўхтаб қолмади. Унинг шеърлари ғалабага ишонч, фашистларга нафат, ғанимга қарши курашга чорлов, аскар-ўғил ҳақидаги она қўшиғи, хотини ва онасини соғинган жасур фронтчи, урушга кетган эри учун қайғураётган аёл тимсоли гавдаланди. Шоира шеърларининг деярли барчасида ҳаётнинг жонли тасвирларини кўриш мумкин.
Шеърлари шунчаки ёзилмайди, инсонларнинг ҳаётий муаммолари ва қалбнинг дардли ички кечинмалари асосида туғиладиган ижод намунасидир. Зулфия 1935-йилда шоир Ҳамид Олимжон билан турмуш қурган ва 30 ёшида турмуш ўртоғидан айрилган. Унинг бевақт вафотидан сўнг кўплаб маҳзун шеърлар яратган. Зулфия бутун ҳаётини, қалб қўрини фарзандларига бахш этди. У ўзининг оналик бурчини ҳам юксак даражада адо этиб, жамият учун яхши фазилатларга эга икки ажойиб инсонни тарбиялаб берди. Зулфия нафақат вафо ва садоқат тимсоли, меҳрибон, жонкуяр она ҳамдир.
Шоира Зулфияга эҳтиром сифатида 2004-йил Ўзбекистонда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилиб, адабиёт, санъат, илм-фан, маданият ва таълим соҳаларидаги муваффақиятга эришган қизларга ҳар йили 8 март- Халқаро хотин-қизлар байрами куни тақдим этилади. Бугунги кунда кўплаб ижодкор қизлар бу мукофотга сазовор бўлмоқда. Зулфия мукофотига сазовор бўлиш билан бирга унга муносиб бўлиш лозим. Туманимизда Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқларни аниқлаш учун мунтазам равишда кўрик-танлов ўтказилмоқда. Муносиб деб топилганлар кейинги босқичга тавсия этилаяпти. Дарҳақиқат, Зулфияхоним етук шоира, садоқат ва вафо тимсоли сифатида бутун ўзбек аёллари учун намуна бўлаолади. Зулфияхонимнинг ҳаёти ва ижоди барча хотин-қизлар учун ибратдир.
Зулайҳо
МЕНГЛИБОЕВА,
Термиз давлат университетининг филология ва тилларни ўқитиш (ўзбек тили) сиртқи таълим йўналишининг 3-курс талабаси