Бугунги таълим ертанги келажак сари

Барчамизга яхши маълумки, ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиёти ҳамда ривожланиши инсон омилига, хусусан, ёш авлоднинг илмий, ижодий ва маънавий салоҳиятига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этувчи мамлакатимизда ёшлар сиёсати самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Бугун Ўзбекистонда ёшларнинг эзгу мақсадларини ҳаётга татбиқ этишлари учун зарур барча шароитлар яратилмоқда. Ёшлар муаммолари давлат сиёсати даражасида ҳал этилмоқда. Ёшларимизнинг таълим-тарбия олишлари учун умумтаълим мактабларида барча имкониятлар мавжуд. Куни кеча иш юзасидан тумандаги 40-сонли умумтаълим мактабига бордим. Мактабга кириш залига илинган кўргазмада фан ойлиги бурчаги деган ёзув бор. Аммо, ҳеч нарса ёзилмаган. Февраль ойи фан ойлигининг буйруғи чиқарилмаган. Ойлик дастур тузилмаган. Спорт ва жисмоний тарбия бурчагида ҳам 2018-2019 ўқув йилининг маълумотлари турибди. Маълумотлар янгиланмаган. Маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосаридан мактабда ўтказилган тадбирлар баённомаси сўраганимизда ҳеч нарсани кўрсатиб бера олмади. Бажараётган вазифамизга чин дилдан ёндошсак кўплаб натижаларга эришишимиз мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам ёшлар ҳаётига доир кўплаб долзарб вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, ёшларнинг муносиб таълим олиши, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини доимо рағбатлантириб бориш мақсадида аввало мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, ўрта ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини яхшилаш кераклиги таъкидланди. Ёшлар учун таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, таълим дастурлари ва ўқитиш услубларини халқаро стандартларга яқинлаштириш лозимлиги қайд этилди.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА