Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик белгиланди

Ер умуммиллий бойликдир, у давлат томонидан муҳофаза қилинади, барча жисмоний ва юридик шахслар ердан оқилона фойдаланиши зарур. Мамлакатимизда  ер муносабатларига оид қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шу жумладан, 2021 йил 14 январ куни Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонуни қабул қилинди.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш деб номланган 2002-модда билан тўлдирилди. Ушбу янги норма субъекти фақат мансабдор шахслар ҳисобланади ва ҳуқуқбузарликни содир этган мансабдор шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима тўлашга мажбур бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик олиб қўйилаётган ер участкасидаги биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни ёхуд уларнинг қисмларини, мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати, шунингдек, унинг мулкдорига бундай олиб қўйиш муносабати билан етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бузиб ташлашга, уларга кўп бўлмаган миқдорда зарар етказилишига олиб келса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси  ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш деб номланган 2295-модда билан тўлдирилди. Демак, ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса ҳамда ер участкасининг ноқонуний олиб қўйилиши олиб қўйилаётган ер участкасидаги биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни ёхуд уларнинг қисмларини, мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати, шунингдек, унинг мулкдорига бундай олиб қўйиш муносабати билан етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бузиб ташлашга сабаб бўлса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса жиноий жавобгарлик белгиланди.
Шу ўринда, ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартиби тўғрисида тўхталиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги №911-сонли қарори билан белгиланган. Агар ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйишга зарурат туғилганда, биринчи навбатда ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилиши, дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилиши, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилиши лозим. Ресурслар мавжуд бўлганида ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва ер участкасидаги кўчмас мулклар баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланади.
Шундан сўнг, ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида келишув битими тузилади ва ушбу келишув нотариал тартибда тасдиқланади. Келишилган компенсация берилмагунича мулклар бузиб ташланишига йўл қўйилмайди. Ҳокимлик томонидан кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси адлия органларига хулоса олиш учун юборилади, ижобий хулоса берилганидан сўнг кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Демак, юқоридаги тартиб-қоидаларга амал қилинса, мулкдорларнинг мулк ҳуқуқи кафолатланади, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади.                                         Ф. ХОЛТУРАЕВ,
туман ҳокимлиги бош юрис консульти