Янги бозор фаолиятини бошлади

“Халқнинг бойлигини билмоқчи бўлсанг бозорини кўр” деган мазмунли мақол дилларга хушнудлик бағишлайди. Бу ҳозир Қумқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори МЧЖга узукка кўз қўйгандек ярашмоқда. Туманимиз марказидаги янги бозор бу йил 1 мартдан фойдаланишга қабул қилинди. Димонтаж усулида амалга оширилган ишларга 731 миллион сўм сарфланди. Б. Валиев бошлиқ “Лочин” КТХФ бунёдкорлари 240 ўринли янги савдо расталари, чиройли плиткалар, сотувчиларни ёғингарчилик ва иссиқдан асровчи айвонни бунёд этди. Вилоят ҳокимининг 2020 йил 20 мартдаги №120-сонли қарорига илова “Деҳқон бозорларида сотиладиган маҳсулотлардан бир марталик, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар миқдори” кўргазмаси кўринадиган жойга осиб қўйилди. Қандолатчилик, нон, гўшт, сабзавот, ҳўл ва цитрус мевалар, кўкат, гуруч, сут ва сут маҳсулотлари, зираворлар, дуккакли маҳсулотлар, полиэтилен ва қоғоз халтачалар алоҳида жойларда тартибли сотилиши учун шароитлар яратилди. Далалар, боғлар ва иссиқхоналарда етиштирилган сифатли мева-сабзавотлар, саноат маҳсулотлари сотилаяпти. Бозор атрофида тадбиркорларнинг ўзи қурган дўконларида бирин-кетин савдо хизматлари кўрсатилаяпти. Уларда гўшт, саноат товарлари сотилаяпти. Дўконга электрон табло ўрнатилиб ёзувлар эълон қилинмоқда. Бозорга келган харидорлар мевали ва манзарали кўчатлар, гулларни харид қилишлари мумкин.