Ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари авжида

Об-ҳаво баҳорги фазилатларини намоён қилиб борлиқни исита бошлади. Туманимизда кўклам, гуллаш мавсуми табиатга чирой бағишлаяпти. Ҳамма жойда баҳорги ишлар авж палласига чиқмоқда. Чунки ота-боболарининг ҳикматли гапларидан ибрат олган бугунги авлод рисқи-рўз, янги ҳосил хирмонларини бунёд этиш, маъмурчилик, тўкин-сочинлик, мўмай даромад яратиш мақсадида ғайрат-шижоат билан меҳнат қилмоқда.
Туман ҳокимлиги бу ишларга бошчилик қилиб ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини ўтказаяпти. Туман ҳокими ўринбосарлари Н. Алланазаров, З. Хидирова ташкилотлар ва корхоналарда амалга оширилаётган ишларда ташкилотчилик қилмоқда. “Ҳашар элга ярашар” деган пирмаъно мақолига амал қилиб туман Ободонлаштириш бошқармаси ишчи ходимлари “Наврўз” маданият ва истироҳат боғида тозалаш, оқлаш, чиқиндиларни ташиб чиқариш ишларини намунали бажараяпти. Тозалик ва янгиланиш ишларида ишчи ходимлардан Д. Поянова, Н. Авазова, М. Бобоқулова, Н. Имомова, Х. Ҳамроева, Қ. Алибоева, Ю. Менглиқулова, М. Ортиқова, Х. Бойназарова, Н. Менглиева, Х. Абдуллаева, Т. Мардонақулова, Н. Қурбонова атрофнинг озода, саранжом бўлишида ғайрат қилиб ишламоқда. Дам олиш масканига файз, чирой бахш этилаётгани аҳолига нафосат, ҳузур бағишлаяпти.
-Мен ободонлаштириш, тозалаш ишларида қатнашиб ҳам маънан, ҳам жисмонан куч-қувват олаяпман. Элга хизмат қилиш олиҳиммат эканлиги меҳнат жамоамиздаги барча ходимларнинг ғайратини ошираяпти. Баҳор фасли ҳусни-тароватини янада кўркам, обод қилишга ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз, – деди М. Ортиқова.
Қўли гул, меҳри меҳнатда тобланган бу саодатли тумандошлардан кўпчилик ибрат олса арзийди. Катта ҳудудларда амалга оширилиши зарур ишларда фаоллик намуналарини кўрсатиб ишлашса теварак-атроф обод бўлади. Кўрса кўз қувониб, завқланади.
    Н. МУҲАММАДИЕВ